Муносабат
Жорий йилнинг 15 сентябрь куни мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг педагоглар билан ўтказган самимий мулоқоти юртимиз бўйлаб минглаб устозлар қалбида чуқур таассурот қолдирди. Ушбу учрашув нафақат самимий муҳитда ўтди, балки ўқитувчилар меҳнатига берилаётган юксак эътибор ва қадрнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Айниқса, бошланғич таълим ўқитувчилари учун жорий этилаётган миллий сертификатлаш тизими ҳақидаги янгиликни эшитиб, юрагим қувончдан ҳаприқиб кетди. Бу ташаббус биз учун нафақат моддий рағбат, балки маънавий қувват, келажакка бўлган ишонч, масъулият ва илҳом манбаи бўлди.
Аввалги тартибга кўра, бошланғич синф ўқитувчилари алоҳида фанлар бўйича (она тили, математика) сертификат олиб, устама олиш имкониятига эга эдилар. Аммо энди айнан бошланғич таълим соҳаси бўйича миллий сертификатнинг жорий этилиши ўқитувчилар фаолиятига юксак баҳо берилаётганининг яққол далилидир.
Сертификатга эга бўлган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 15 фоизлик устама тўланиши эса, албатта, нафақат меҳнатимизнинг муносиб рағбатлантирилиши, балки ҳар бир устознинг ўз устида изланиши, ривожланиши учун янги туртки бўлади.
Устозни эъзозлаш — келажакни эъзозлашдир. Бу каби ислоҳотлар таълим сифати ошишига, болаларимизнинг мукаммал билим олишига ва энг муҳими, халқимизнинг эртанги кунига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Гулжаҳон Эгамқулова,
Халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши
депутати, бошланғич таълим ўқитувчиси
ЎзА