Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эътироф масъулият юклайди
17:11 / 2022-09-07

Рустамжон Ибрагимовни нафақат сирдарёлик сувчилар, балки Сув хўжалиги вазирлиги тизимида меҳнат қилиб келаётган кўплаб ирригаторлар яхши танийди. Моҳир ирригатор 34 йилдан буён ўз касбини шараф билан уддалаб келмоқда.

Меҳнат фаолиятини Сирдарё туманидаги 5А давлат хўжалигида оддий ишчиликдан бошлаган Рустамжон ака 1980-1985 йилларда Тошкент политехника институтида таҳсил олиб, муҳандис-гидроэлектроэнергетика мутахассислигини эгаллаб, Сирдарёга қайтди. 1985-1991 йилларда Сирдарё насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси 3-, 5-сонли насос станциялари муҳандиси бўлиб ишлади. Шу кунгача Сирдарё насос станциялари ва энергетика бошқармасининг “Машъал”, “Ишонч”, “Соҳил-1”, “Соҳил-2” насос станциялари бошлиғи лавозимида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда.

Меҳнат қилган элда азиз. Рустамжон аканинг ҳам қишни қиш демай, ёзни ёз демай қилган самарали меҳнатлари зое кетмади. 2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони берилди. Энг асосийси, эл-юрт, ҳамкасблари, республикадаги барча сувчилар орасида ҳурмат қозонди.

– Бу йил ушбу фахрий унвон билан тақдирланганимга роса 20 йил бўлибди, – дейди Рустамжон Ибрагимов. – Мана шу ўтган йиллар мобайнида Ватанимизга, халқимизга виждонан ва ҳалол хизмат қилдим. Шогирдларим, фарзандларим, яқинларимга ҳам доим “эл корига яра”, дейман. Чунки Ватанимизнинг юксак эътирофи ва севган касбим менга ҳамиша ғурур ва масъулият бағишлайди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА