ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёшликда эътироф этилган иқтидор инсон зиммасига катта масъулият юклайди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти ана шундай юксак ишонч рамзи ҳисобланади. Бугун ушбу мукофот анъаналарини муносиб давом эттириб, жамият ҳаётида фаол ўрин эгаллаган хотин-қизлар сафида Наргиза Юнусова ҳам бор.
Мукофот соҳибаси айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизматида етакчи мутахассис сифатида фаолият юритмоқда.
Наргиза Юнусова Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида туғилган. 2016 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини, 2023 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистратура босқичини тамомлаган.
Айни пайтда у мазкур университетда мустақил тадқиқотчи сифатида “Онлайн журналистикада визуализация усуллари” мавзусида диссертация иши устида изланиш олиб бормоқда. Унинг илмий қизиқишлари замонавий ахборот маконида визуал контентнинг ўрни, аудиторияга таъсир механизмлари ҳамда рақамли журналистикада ахборот самарадорлигини ошириш масалалари билан боғлиқ.
Наргиза Юнусованинг “Multimedia journalism: current trends, tools, services”, “The role and specific features of social networks in online journalism”, “Journalism and the Internet: text web coherence” каби илмий мақолалари халқаро журналларда чоп этилган. Бу унинг илмий изланишлари кенг илмий муҳитда ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.
Журналистика соҳасида у изчил изланишлари, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалаларини ёритишга қаратилган таҳлилий материаллари билан танилган. Унинг 100 га яқин мақоласи республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган. Ушбу материаллар нафақат ахборот бериш, балки жамоатчиликни ўйлантириш ва фаолликка чорлашга хизмат қилмоқда.
2021 йилда “Олтин қалам” XV Миллий мукофоти доирасидаги халқаро танловда муваффақият қозониши, шунингдек, “Гендер тенглик фаоли” миллий танловида ғолиб бўлиши унинг касбий салоҳияти ва жамоатчилик эътирофини яна бир бор тасдиқлади.
Қаҳрамонимиз фаолияти фақат журналистика билан чекланмайди. У Тойлоқ туманида “Фаол аёллар” клубини ташкил этиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, психологик қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини кучайтиришга қаратилган семинар ва тренинглар ўтказиб келмоқда. Унинг фикрича, аёлнинг жамиятдаги ўрни тараққиётнинг муҳим омилидир. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган ва фаол позицияга эга аёллар мамлакат келажагининг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Наргиза Юнусованинг бадиий ижодга қизиқиши ҳам юқори. Унинг “Ҳадя” номли бадиий-публицистик китоби маънавий изланишлар, инсон қадри ва ҳаётий хулосаларга бой. Илк шеърий тўпламлари – “Латиф туйғулар” ва “Бекатсиз йўл” эса унинг қалб дунёсини ифода этган дастлабки ижод намуналари ҳисобланади.
[gallery-27972]
Ижод унинг учун нафақат машғулот, балки руҳий эҳтиёждир. Сўз орқали қалбларга йўл топиш, маънавий қадриятларни тарғиб этиш – унинг ҳаётий тамойилларидан бири.
Ёшликда эришилган эътироф бугун Наргиза Юнусова учун катта масъулиятга айланган. У ахборот майдонида холислик ва профессионаллик мезонларини мустаҳкамлаш, рақамли журналистикада миллий контент сифатини ошириш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Наргиза Юнусованинг ҳаёт йўли ва бугунги фаолияти – эътироф ишончга, ишонч эса масъулиятга айланганининг ёрқин намунасидир.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА