Эътиборнинг ўзи етарли эмас, ҳуқуқий ҳимоя керак
Рўзғорнинг ками тугамайди, ғами битмайди.
Рўзғорнинг ками тугамайди, ғами битмайди. Уни бутлаш, ўнглаш илинжида бугун неча-неча юртдошимиз пул топиш учун чет элга йўл олмоқда. Ҳозир уларнинг сони икки ярим миллиондан ортиқ. Бу шунча инсон орзу-истаги, тақдири ва шунча оиланинг бугуни, эртаси дегани. Биз – ўзимиз бунга қанчалик эътибор қаратаяпмиз? Давлат-чи, мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини қай даражада ҳимоя эта оляпти?
“Ўзбекистонда миграция жараёнлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
Қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз меҳнат миграция соҳасининг бугунги ҳолати таҳлил этилди, камчиликлар, муаммолар танқид қилинди.
Маълумки, аксарият меҳнат мигрантлари эркаклар. Натижада оиланинг ташвиши, фарзандлар тарбияси аёлнинг зиммасида қолмоқда. Мусофир меҳнаткашни ёт муҳит, бегона юртдаги қийинчиликлардан кўра, усиз оиласи қандай кун кечираётгани билан боғлиқ хавотирлар кўпроқ ўйлантиради, ташвишга солади.
– Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони шуниси билан аҳамиятлики, у нафақат меҳнат мигрантларининг ўзини, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантиришга асос бўлди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Эгамов. – Ушбу ҳужжат давлат томонидан уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилишни кўзда тутади. Мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳа, мазкур фармон асосида яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар эътиборга молик. Унда, жумладан, уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун 2020 йилда уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурлари ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратиш белгиланди.
Меҳнат мигрантларига хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун микроқарзлар бериладиган бўлди. Бу бир банк куни давомида расмийлаштирилади. Талаб қилинадиган ҳужжатлар ҳам кам – паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси етарли. Микроқарзлар 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз ставкада 2 миллион сўм миқдорида бир йил муддатга, тақдим этилаётган кредит фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги тижорат банкининг маржаси билан берилади.
Таъкидланганидек, давлатимиз томонидан ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишда ташқи меҳнат миграцияси масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги иши такомиллаштирилди. “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳам катта аҳамият касб этаяпти.
Мазкур қонун асосида 88 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги реестрида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган. Бугунги кунда уларнинг 59 таси самарали фаолият юритмоқда.
Маълум қилинишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юридик шахсларнинг реестрини шакллантириш 1 кунлик қисқа муддатда, лицензия бериш 3-5 кунда амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг ўтган даври давомида хусусий бандлик агентликлари томонидан 1655 нафар фуқаро чет элда, 77 нафар фуқаро республикамиз ҳудудида ишга жойлаштирилди, 33 838 нафар фуқарога маслаҳат ва ахборот хизмати кўрсатилди.
Ўзбекистон томонидан Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон давлатлари билан тузилган ҳужжатлар янгиланди. Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония ва бошқа мамлакатлар билан эса икки томонлама шартномалар имзоланди. Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти билан яқин алоқалар ўрнатилиб, унинг расмий конституцияси ратификация қилинди. Ҳозир юртимизда мазкур ташкилотнинг ваколатхонасини очиш ишлари олиб борилмоқда.
Булар меҳнат миграцияси соҳасида ҳаммаси яхши, ҳаммаси кўнгилдагидай дегани эмас, албатта. Ён-атрофимизда, кўз ўнгимизда мигрантлар дуч келаётган муаммолар, тўсиқлар аниқ бўй кўрсатиб турибди.
Давра суҳбатида шу масалага алоҳида урғу берилди. Қайд этилишича, ўтган вақт давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа масъул идораларга айрим хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан кўплаб фуқародан салбий мазмундаги мурожаат келиб тушган. Жумладан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш хизмати кўрсатилмаган бўлса-да, фуқаро томонидан тўланган маблағларни қайтариб бермаслиги ёки ушбу маблағларни қайтаришда муайян бир қисмини ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган.
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентлигидан 30 таси шу кунга қадар бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормаган.
Депутатлар фикрича, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, айниқса, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини такомиллаштириш масаласида парламент назоратини кучайтириш лозим. Миграция маълум ҳудуд, мамлакат, халқ ижтимоий ҳаётига ижобий, салбий, керак бўлса, сиёсий жиҳатдан ҳам таъсир кўрсатади. Булар мазкур жараённи ҳуқуқий тартибга солиш, уни бошқариш қанчалик долзарблигини изоҳлашга ҳожат қолдирмайди. Шу нуқтаи назардан, меҳнат миграциясининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш керак. Шу мақсадда “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарур.