Андижон вилояти Олтинкўл туманида жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳолидан хабар олинди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан Халқаро ногиронлар кунига бағишланиб “Инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш – инсонийликнинг энг олий мезонидир” шиори остида ўтказилаётган акция доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қатор тадбирлар ўтказилиши, ногиронлар ҳолидан хабар олиш кўзда тутилган.
– Бундан кўзланган асосий мақсад, байрам муносабати билан жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг кўнглини кўтариш, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош мутахассиси Шерали Қутлумуродов. – Ишонаманки, ушбу акция юртимизнинг барча маҳаллаларида юқори кўтаринкилик ва уюшқоқлик билан ўтказилади.
Айни кунда Олтинкўл туманида ногиронларнинг турмуш шароитини яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, муаммоларини ҳал этиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Байрам муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоят бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирокида тумандаги Марказ, Иттифоқ маҳаллараида яшовчи бир гуруҳ ногиронлар хонадонларига кирилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
[gallery-256]
– Ёшим саксондан ошди, – дейди “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Мухторжон ота Азимов.
– Нафақага чиққунга қадар жамоа хўжалигида меҳнат қилганман. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демасдан далада ишлардик. Турмуш ўртоғим билан олти фарзандни уйлаб-жойладик. Ўн йидан ошдики юролмай қолганман. Фарзанд, набираларимга раҳмат, яхши қарашяпти. Ҳукуматимизга раҳмат нафақа пулларини беряпти, шифокорлар саломатлигимни сўраб келишади, маҳалла, бошқа идоралар байрамлар, турли тадбирлар сабаб мени йўқлаб туради. Бундай эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилади.
Ҳамиша юртимиз тинч бўлсин, юртимиздан қут-барака аримасин.
“Марказ” маҳалласида яшовчи Ҳамрохон ая Усмонова 36 йил ўқитувчилик қилган. Ўттиз уч ёшида турмуш ўртоғи автоҳалокат туфайли оламдан ўтгач, ёлғиз ўзи уч нафар фарзандини тарбиялаб, вояга етказган экан. Турмушдаги қийинчиликлар, машаққатлардан ошириб олган хасталик туфайли бир неча йилдан буён тўшакка михланиб қолган. Лекин шу кунларга етганига, фарзандлари камолини кўриш бахти насиб этганига, юрт тинчлигига шукрона келтириб, дуо қилади. Айниқса, байрам муносабати билан йўқловдан унинг боши кўкка етди.
Йўқлов давомида имконияти чекланган инсонларга бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА