Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эътибор ва рағбат – юксак марралар сари чорлайди
18:16 / 2021-09-30

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Куни кеча ижтимоий тармоқларда Президентимиз Фармонига мувофиқ, Зарафшон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасининг самбо бўйича катта мураббийси Тахмазов Чингиз Карам ўғли “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани ҳақидаги қувончли хабар бутун зарафшонликларни тўлқинлантириб юборди.

Ч.Тахмазов самбо бўйича нафақат тажрибали мураббий, самбо бўйича спорт устаси ва халқаро ҳакам, балки таниқли спортчи сифатида нуфузли мусобақалар ғолиблигини қўлга киритган.

Унинг кўп йиллик самарали меҳнати ўзининг муносиб рағбатини топган. Жумладан, 2007 йилда республикада “Йилнинг энг яхши мураббийи”лигини қўлга киритган. Соҳада эришган ютуқлари учун “Ёшларни фидойилик руҳида тарбиялашда кўрсатган хизматлари учун”, “Спорт аълочиси” ва “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Дарҳақиқат, Ч.Тахмазов мазкур спорт мажмуасида мураббий сифатида 2001 йилдан ишлаб келмоқда. Мана шу даврда юзлаб чемпионларни тарбиялаб, мамлакатимиз спорт соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга эришди. Унинг шогирдлари жаҳон, Осиё, республика мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

– Президентимизнинг 2021 йил 29 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра Ватанимизнинг юксак давлат мукофотига лойиқ топилдим. Бу, ҳеч шубҳасиз, комбинат тизимида спорт йўналишида фаолият кўрсатиб келаётган соҳа вакиллари меҳнатига берилган муносиб баҳодир. 

Бундан буён ҳам ушбу шарафли вазифани адо этишда фаол иштирок этиш, ёш авлодни жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, ютуқлар билан юрт тараққиёти ва Ватанимиз келажагига садоқат билан хизмат қилиш биз, спорт мураббийлари учун юксак шарафдир. Ўзбек спортининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш, мен каби мураббийларнинг мақсади ва орзусидир, – дейди Ч.Тахмазов.

Бугунги кунда фидоий мураббий кўмагида кўплаб шогирдлари машғулотларни ўтамоқда. Ўз орзулари рўёбини ана шу қоракўз шогирдлари келажагида кўрган Чингиз ака айни дамда ўз олдига юксак режаларни қўйган. Мақсад аниқ: яхши натижаларни қўлга киритиш, фақат ғалаба қозониш.

–Устозимнинг давлат мукофотини олганини эшитиб кўзларим ёшланди. Чунки бу хокисор инсоннинг биз каби шогирдларини чемпион даражасига олиб чиқишида кўп меҳнати сингган. Вақти келганда қаттиққўллик ва сабот билан спортнинг нозик сир-асрорларини ўргатиб, бизни ғолиблар қаторидан жой олишимизда отамдек қувонган. 

Қўлимни кўксимга, юрагимнинг устига қўйиб, жонажон мадҳиямизни ғурур ва ифтихор билан куйлаганимда доимо шу инсон ёнимда турган. Баъзида босим остида ўз устимда ишлашга тўғри келган. Шундай вазиятларда устозимни меҳри менга далда берган, – дейди самбо бўйича таниқли спортчи Сабина Давлатова устози ҳақида илиқ фикрларини билдириб.

Ҳақиқатдан ҳам, мураббий спортчи учун ҳам ота-она, ҳам шифокор, ҳам психолог бўлади. Шогирдлари ардоғида бўлган Чингиз Тахмазов ана шундай фазилатлар билан безанган инсон. Ўзининг сабр тоқати, жасорати ортидан рағбатланган спорт мураббийи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Спортимиз жонкуярини ушбу юксак давлат мукофот билан чин дилдан қутлаймиз.

Дилдора КАРИМОВА,

Марказий кон бошқармаси ахборот

хизмати муҳаррири, ЎзА