Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами барча ҳудудларда юқори кўтаринкилик билан нишонланди. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ўтказилган маданий-маърифий, хайрия ва байрам тадбирлари юртдошларимизга олам олам завқ бағишлади.
Кўмакка муҳтож инсонларга ёрдамлашиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Шу маънода байрам кунларида Андижон вилоятидаги маҳаллаларда ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, депутатлар томонидан кексалар, ногирон, якка ёлғиз яшовчи ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими, туман, шаҳар бўлинмалари томонидан байрам муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ишлар олиб борилди, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
– Байрам муносабати билан юзлаб эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам кўрсатилди, – дейди фуқароларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Бахтиёржон Турсунов. – Бу юртимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-мурувват, муҳтожларга саховат кўрсатишдек хайрли ишлар бардавомлигининг намунасидир.
Байрам арафасида Андижон шаҳар Тўққизариқ маҳалласида яшовчи Зарифахон Дадажоновага 2 миллион сўм, Тахтакўприк маҳалласида яшовчи Фаридахон Раҳматовага 5 миллион 400 минг сўм, Саховат маҳалласида яшовчи Зулфизар Мирзаевага 9 миллион сўм, Балиқчи тумани Гуравон маҳалласида яшовчи Лутфияхон Умрзоқовага 7 миллион сўм, умуман, вилоятнинг турли ҳудудларида яшаётган 15 нафарга яқин фуқарога даволаниши, дори-дармон олиши учун, шунингдек, моддий ёрдам сифатида жами 37 миллион 600 минг сўм миқдоридан пул берилди.
– Онам юрак церрози билан оғрийди, доимий равишда даволаниб туради, – дейди Балиқчи тумани Гурвон маҳалласида яшовчи Сарвиноз Бадаловага. – Оиламизнинг шароити оғирлиги учун онамизни доимий даволатиб туришга анча қийналиб қолдик. Шу боис, вилоят ҳокимлигига ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилган эдим. Мингдан минг раҳмат, мурожаатим эътиборга олиниб, бизга “Маҳалла” жамғармаси томонидан 7 миллион сўм маблағ берилди, ёрдам кўрсатилди. Эътибор ва кўмакдан бошимиз кўкка етди.
[gallery-8650]
Бундан ташқари, жигар церрози билан оғриётган Шаҳрихон тумани Янги турмуш маҳалласида яшовчи Ортиқали Ҳасанов ҳамда Сузоқ маҳалласида яшовчи Улуғбек Қодировга Ҳиндистон давлатига бориб операция қилдириши, даволанишлари учун 100 миллион сўмдан маблағ ўтказиб берилди.
Шунингдек, байрам арафасида Қўрғонтепа туманидаги Хўжатепа, Деҳқончек маҳаллаларида яшовчи икки нафар ногирон аёлга тикув машинаси берилган бўлса, 2 гуруҳ ногирони, хонадонда якка тартибда ўқийдиган, Асилбек Жўраевга компьютер жамланмаси совға қилинди.
Жалақудуқ туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласида кам таъминланган оила фарзандларига мактаб формалари берилди. Касаллик туфайли узоқ вақт бир жойда ётган хаста болалар хонадонларига борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Хўжаобод, Булоқбоши, Шаҳрихон, Олтинкўл, Асака туманларида ўтказилган турли тадбирлар доирасида кўплаб эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар вакиллари, фарзандларига совға-саломлар улашилди. Мустақиллик байрамига бағишлаб уюшмаган ёшлар ўртасида ўтказилган танлов ва спорт мусобақалари ғолиблари, фаол иштирокчиларига ҳам турли совға-саломлар топширилди. Асака туманидаги 16-сонли Кўзи ожизлар махсус мактабига, 14-сонли Имконияти чекланган болалар интернатига озиқ-овқат маҳсулотлари, ётоқхона чойшаблари, стол-стуллар совға қилинди.
Бир сўз билан айтганда, Андижонда мустақиллик байрами муносабати билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган юқоридаги каби ёрдамлар, олиб борилаётган хайрли ва эзгу ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳаётидан рози бўлиб яшашларига ёрдам бермоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА