Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эътибор ва имкониятнинг ижобий натижаси
16:21 / 2026-01-15

Бугунги кунда алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга мослашуви ва келажакда ўз ўрнини топиши давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги 15-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб сифатида фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирда мактабда жами 118 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улардан 20 нафари уйда якка тартибда таълим билан қамраб олинган. Ҳозир мактабда 11 та ўзбек синфи мавжуд бўлиб, инклюзив таълимга алоҳида эътибор қаратилган. 

Хусусан, 2024–2025 ўқув йилида 12 нафар ўқувчи шу шаклдаги таълимга йўналтирилган бўлса, 2025–2026 ўқув йилида яна 10 нафар ўқувчини ҳам жалб этиш режалаштирилган. Жорий ўқув йилида 9-синфни 22 нафар ўқувчи битирмоқда. Улардан 12 нафари касб-ҳунар коллежларига ўқишга йўналтирилади, қолган 10 нафар битирувчининг эса бандлиги таъминланиши кўзда тутилган. Бу эса битирувчиларнинг мустақил ҳаётга тайёрланишида муҳим аҳамият касб этади. 

Мактабда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш билан бир қаторда, уларни ҳаётга тайёрлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Уста кўҳна” бизнес лойиҳаси, “Биргаликда кучлимиз” ота-оналарни педагогик, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш лойиҳаси, шунингдек, “Эрготерапия” ва “Лого болакай” хизматлари кутилган натижалар бермоқда. Касб-ҳунар тўгаракларида иштирок этаётган ўқувчилар амалий машғулотлар орқали ўз тажрибасини оширмоқда. Тўгаракларда тайёрланган маҳсулотлар турли ярмаркаларда сотувга қўйилиб, тушган маблағлар тўгарак фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилмоқда. 

Қувонарлиси шундаки, ўтган йили битирган ўқувчилар орасида бугун ўз ҳунари орқали даромад топаётганлар ҳам бор. Мактаб директори Азиза Абдуллаеванинг таъкидлашича, бу натижалар таълим муассасасида касбга йўналтириш ишлари изчил ва самарали олиб борилаётганидан далолат беради.

Умуман олганда, Бекобод шаҳридаги 15-сонли ихтисослаштирилган мактабда амалга оширилаётган ишлар алоҳида таълим эҳтиёжли болаларнинг меҳнатсеварлик ва ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.