Ёшларга рағбат — барқарор миллий тараққиёт ва мамлакат салоҳиятининг асосий кафолати.
Мамлакатимизда ёш авлод салоҳиятини рағбатлантириш ва билимли кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатида устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмга бўлган қизиқиши ва салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш масаласи устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Замонавий ўқув муҳити, илмий изланишлар ва амалий машғулотлар талабаларнинг касбий ўсиши ва илмий салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ушбу йўналишда таълим олаётган ёшлар ҳам фаолияти давомида катта ютуқларга эришиб келмоқдалар. Яқинда 2025/2026 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номдор давлат стипендиялари ғолиблари эълон қилинди.
Республика миқёсида 101 нафар талаба Президент давлат стипендияси соҳиби бўлди. Танловда иштирок этган, бироқ совринли ўринларни эгалламаган талабалар ҳам олий таълим муассасалари раҳбарлиги томонидан рағбатлантирилди. Ушбу рўйхатда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали талабаларининг номи борлиги қалбларда алоҳида ифтихор уйғотади. Жумладан мен, Зооинженерия (қоракўлчилик) таълим йўналишининг 4-курс талабаси сифатида, жорий йилда Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлдим. Бу ютуғим устозларимнинг самарали қўллаб-қувватлаши ва филиалда яратилган шароитларнинг самарали натижасидир.
Шунингдек, ўтган ўқув йилида Тўлепберген Қайипбергенов номидаги давлат стипендияси ғолиби бўлган эдим. Республика стартап танловларида инновацион лойиҳаларим билан ғолиб бўлиб келмоқдаман. Ана шундай Республика миқёсидаги танловлардан бирида ғолиб бўлиб, 2025 йил Германияда малака ошириш дастурида жамоамиз билан бирга иштирок этиш имкониятига эга бўлдик. Яқиндагина йил давомидаги фаолиятим эътироф этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи билан ҳам тақдирландим.
Шу ўринда, филиалимизнинг яна уч нафар иқтидорли талабаси ҳам номдор стипендияларга сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси — бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналиши, 4-курс талабаси С.Муратбаевага , Тўлепберген Қайипбергенов номидаги давлат стипендияси — ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари йўналиши, 4-курс талабаси Б. Базарбаевага, Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендияси — ветеринария санитария экспертизаси йўналиши, 4-курс талабаси Л.Амировага насб қилди.
Бу ютуқлар филиалда таълим олаётган ёшларнинг билимга чанқоқлиги, мақсад сари интилиши ва устозлар меҳнатининг яққол натижасидир. Шу билан бирга, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, давлатнинг устувор сиёсати, барқарор равнақ ва сиëсий рағбат ёшлар салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим омил эканлигини намоён этади.
Ушбу мукофот мен учун нафақат катта шараф ва масъулият, балки келгусида ҳам илмий изланишларда тўхтамай ҳаракат қилиш, илмий ва амалий фаолият орқали юртимизнинг барқарор равнақи ва қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Мен мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдираман.
Улуғбек Амангелдиев,
Самарқанд давлат ветеринария
медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар
университети Нукус филиалининг 4-курс талабаси
ЎзА