Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз
13:21 / 2022-12-31

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов Денов туманидаги эркаклар ва Сариосиё туманидаги “Фарҳод” ногиронлиги бўлган аёллар Мурувват уйларида бўлиб, Янги йил байрами тадбирларида иштирок этди. Васийликка олинганлар ва уларнинг иссиқ-совуғи ҳамда саломатлигини назорат қилаётган тиббиёт ходимларига байрам совғаларини топширди.

Тадбир доирасида вилоят раҳбари Мурувват уйларида яратилган шароитлар ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Президентимиз ғояси билан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили асосида “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни сифатли бажариш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.

Бугун шунингдек, Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги аёллар реабилатацияси марказида яшаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олиб уларни ҳам Янги йил билан табриклади. Марказда яратилган шароитларни кўздан кечириб, байрам совғаларини улашди.

–Тақдир мени жиддий синовларга дучор қилди,–дейди бойсунлик Гулхол Вафоева.– Бир фарзандим билан уй-жойсиз қолиб кетдим. Боламни қучоқлаб, бекатларда тунларни ўтказган пайтлар бўлди. Ҳозир мана барча шароитларга эга ёзда салқин, қишда иссиқ марказда яшаяпмиз. Байрам олдидан бизни йўқлаб келиб, ҳол-аҳвол сўраганларингиздан, совғаларингиздан бошимиз кўкка етгандек бўлди. Ёлғиз эмаслигимизни  ҳис этдик. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан  миннатдормиз.  

Вилоят раҳбари бугун оилавий болалар уйи тарбияланувчилари ҳамда Термиз шаҳридаги туғуруқ комплексида ҳам бўлиб, болажонлар ва туғуруқ комплексида навбатчилик қилаётган тиббиёт ходимларига Янги йил совғаларини топширади.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА