Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эътибор инсонга умид бахш этади
17:49 / 2025-08-09

Охирги йиллар ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.

Хусусан, Қуйи Чирчиқ тумани “Минг чинор” маҳалла фуқаролар йиғинида 516 та хонадонда 714 та оила истиқомат қилади. Аҳоли сони 2 минг 305 нафар бўлиб, шундан 52 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Уларнинг 47 таси Ягона ижтимоий реестрга, 49 таси эса Камбағаллик реестрига киритилган.

Маҳаллада фаолият юритаётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Даврон Жўраев нафақат аҳоли билан ишлаш, балки ҳар бир оиланинг дарду-ташвишига бефарқ бўлмаслик, уларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида амалий ёрдам кўрсатишни ўз бурчи деб билади.

Даврон Жўраев Ўлмасой опага ўғлининг контракт суммасини тўлаб бериш, қизини бепул тўгаракка жалб қилиш, шунингдек, электр энергияси ва газ бўйича компенсация ажратилишида кўмак берди. Тикувчилик билан шуғулланадиган Ўлмасой опа ишини кенгайтириш, янги тикув ускуналари олиб, қўшимча иш ўринлари яратиш орзусида.

– Ўғлимнинг ўқиши, қизимнинг тўгаракка қатнаши, коммунал тўловларда енгиллик буларнинг барчаси менга куч ва умид берди. Энди тикувчилик ишларимни ривожлантириб, маҳалламиз аёлларига ҳам иш ўрни яратишни ният қилдим. Ёрдам берган барча инсонларга чин юракдан раҳмат айтаман, – дейди Ў.Тошхўжаева.

“Минг чинор” маҳалласидаги бу каби ишлар нафақат бир оиланинг, балки маҳалла ва жамиятнинг меҳр, мурувват ва ҳамжиҳатлик руҳини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир эзгулик эса кимнингдир қалбида катта умид ва янги имкониятларга йўл очади.

А.Мусаев, ЎзА.