Бухоро вилоятининг Когон тумани Тараққиёт маҳалласида яшовчи Насиба Ойлиева маҳалла ижтимоий ходими томонидан ижтимоий аҳволи атрофлича ўрганилди. 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро сифатида у бир қатор ижтимоий хизматларга муҳтож экани маълум бўлди ва унга ижтимоий кейс очилиб, индивидуал хизматлар режаси ишлаб чиқилди.
Насиба опа уйида санитария шароитларини яхшилашга ёрдам кўрсатилди, психологик жиҳатдан қўллаб-қувватланди, яқин қариндошлари билан муносабатларини тиклашда амалий кўмак берилди. Шу билан бирга, унинг фарзанди мактабда ташкил этилган бепул курсларга жалб этилиб, таълим масаласида ҳам ёрдам кўрсатилди.
Фуқарога бола нафақаси учун ариза топширилиб, ижобий ҳал этилди. Табиий газ ва электр энергияси бўйича меъёрдан ошган харажатлар учун компенсация расмийлаштирилди. Куз-қиш мавсумида эса иссиқ уйда яшаши учун бир мартали моддий ёрдам ажратилди.

Насибанинг бандлигини таъминлаш мақсадида у тўқувчилик курсига ўқишга юборилди ва якунда сертификат олди. Шунингдек, унинг соғлиғини яхшилаш бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва реабилитация марказига йўлланма бериш каби чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди.
Кўрсатилган барча кўмаклар Насиба опанинг турмуш шароитини яхшилаш, соғлиғини тиклаш, бандлигини йўлга қўйиш ҳамда оиланинг барқарор ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.