Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эътибор, эътироф, масъулият...
12:46 / 2025-12-29

Спорт - жамиятда соғлом муҳитни тарғиб этувчи, инсонни тобловчи, унга сабр-бардош ҳамда чидамлиликни ўргатувчи, орзу-мақсадлари сари етакловчи муҳим воситалардан бири. Мамлакат нуфузини дунёга танитиб, жаҳон ареналарида Ватан байроғини юксакларга кўтаришдек шарафли онлар ҳам айни шу соҳа вакиллари, маҳоратли спортчиларимизга насиб этмоқда. 

Бугун жисмоний тарбия ижтимоий омил сифатида тобора юқори аҳамият касб этаётгани боис, юртимизда ушбу соҳани янада ривожлантириш давлат аҳамиятига молик масалалардан бири ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, Ватан ҳимоясида собит турган иродали ҳарбийларимиз ҳам, жисмоний тайёргарлик ва спортни ҳарбий хизмат билан чамбарчас, уйғун ҳолда олиб бораётганлари сабабли, ҳар икки соҳада ҳам салмоқли натижаларга эришмоқдалар.

Ана шундай матонат соҳиблари сафида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳам бор. Уларнинг 2025 йилда эришган натижаларини сарҳисоб қилиш ва йилнинг энг яхши спортчиларини эътироф этиш мақсадида ўтказилган тадбирда Чегара қўшинлари раҳбарияти, ҳарбий спортчилар ва уларнинг яқинлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Универсал жанг федерацияси масъуллари иштирок этдилар.

Видеомулоқот шаклида ўтказилган тадбир давомида сўз олганлар томонидан, 2021 йилда Чегара қўшинлари ҳарбий спортчилари 3 та спорт тури бўйича халқаро ва республика мусобақаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 10 тани ташкил этаётганини ва сўнгги 5 йил ичида халқаро ҳамда республика мусобақаларида чегарачи-спортчилар эгаллаган совринли ўринлар 7 маротаба, олтин медаллар сони эса 22 маротаба ортиб, халқаро мусобақаларда 34 та олтин, 25 та кумуш, 22 та бронза, республика мусобақаларида эса 56 та олтин, 28 та кумуш ва 47 та бронза, жами 212 та медаль қўлга киритилгани фахр билан таъкидланди.

Шунингдек, бугунги кунда 37 нафар ҳарбий спортчи мамлакат терма жамоалари таркибига киритилган бўлиб, универсал жанг, қўл жанги, 
каратэ-до, миллий кураш, самбо, дзюдо, тош кўтариш, армрестлинг, шахмат, енгил атлетика, волейбол, стол тенниси, ўқ отиш спорт турлари бўйича мусобақаларни уларсиз тасаввур этиб бўлмаслиги ҳам айтиб ўтилди.

2025 йилда ДХХ Чегара қўшинлари тарихида илк маротаба 3 та спорт тури яъни универсал жанг, чавгон ва жигитовка бўйича сарҳадларимиз ҳимоячиларидан ташкил топган жамоалар мамлакатимизда “Йилнинг энг яхши жамоаси” дея эътироф этилгани ҳам йиғилганлар томонидан олқишларга сазовор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Универсал жанг федерацияси Президенти Яшнарбек Зокирбековнинг ушбу спорт тури бўйича Чегара қўшинлари жамоасига “Йилнинг энг яхши жамоаси” номинацияси бўйича эсдалик кубогини тантанали тарзда топшириши юқорида таъкидланган фикрларнинг исботи бўлиб, барчага юқори кайфият улашди.

Шундан сўнг, ўз йўналишлари бўйича юқори натижаларга эришиб, энг илғор деб топилган ҳарбий спортчилар ва уларнинг ота-оналари 
ҳамда яқинлари саҳнага таклиф этилиб, тақдирлаш жараёнлари амалга оширилди.

  • Камтарона меҳнатларим юқори баҳоланиб, спортнинг  каратэ-до йўналиши бўйича “Йилнинг энг яхши спортчиси” дея эътироф этилганимдан жуда хурсандман. Албатта, бу бизнинг зиммамизга катта масъулиятни ҳам юклайди ва келгусида янада юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз байроғини юксакларга кўтаришимизда муҳим ўрин тутади. Фурсатдан фойдаланиб, биз спортчиларга қаратилаётган бундай юксак эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Президенти - Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дейди III даражали сержант Сабоҳат Холматова.

Қўл жанги спорт тури бўйича мазкур эътирофга сазовор бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Зоҳир Бобоқуловнинг ота-онаси ҳам фарзанди эришган натижадан ниҳоятда мамнун бўлдилар.

  • Зоҳиржоннинг бувиси, отаси ва акаси билан бирга келдик. Бизни саҳнага чақиришганида, аввалига роса ҳаяжонландим. Кейин Зоҳиржонни мақтаб совғалар беришди, бизни ҳам жуда илиқ сўзлар билан эътироф этишди. Ўша пайтда юрагимда ўзгача бир қувонч, фахр ҳиссини туйдим. Демак, ўғлимизга тўғри тарбия берган эканмиз, деган хулосага келдим. Мана, ҳаммани олдида  юзимизни ёруғ қилди. Бундай кунларни кўриш ҳар бир ота-онага насиб этсин, - дейди Мамлакат Аминова. 

Дарҳақиқат, шу куни “Йилнинг энг яхши спортчиси” дея эътироф этилган 20 нафарга яқин чегарачи-спортчиларнинг ота-оналари ва яқинлари қалбида ана шундай унутилмас туйғулар кечгани, шубҳасиз.

Тадбирнинг бадиий қисмида Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан намойиш этилган концерт дастури ҳам барчага бирдек манзур бўлди.

Фарида Бобожонова,

ДХХ Чегара қўшинлари Майори