Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Етиб бормаган она мактуби...
16:30 / 2020-05-09

“Қобуснома”да шундай ҳикмат битилган: “Одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир.


“Қобуснома”да шундай ҳикмат битилган: “Одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”.

Мираббос ҳарбий хизматга кетаётганида қариндошлар жам бўлди. Онаи зор улар атрофида елиб-югурди, ўғлининг ёнидан бир зум кетмади.

Онасини бағрига босган Мираббос унинг юраги қинидан чиққудек ураётганини ҳис қилди.

– Ой бориб омон қайт болам, бўйларингдан онанг ўргилсин, – дея унсиз йиғлаб хайрлашди она.

Хизмат бир маромда кечди. Аскарлар учун яратилган шароитлар кўнгилдагидек. Уларнинг соғлиғи, еб-ичиши доимий назоратда. Малакали мутахассислар томонидан жанговар машғулотлар олиб борилади.

Мираббосга онасидан тез-тез хат келиб турди. Онанинг соғинч ифори анқиб турган хатлар...

Гулшода учун турмушнинг юки енгил кечмади. Уч фарзандни оқ ювиб, оқ таради. Ҳамшираликдан топган пули қозон қайнатишга аранг етарди. Эрининг иши ҳам юришай демайди. Аммо атрофдагилар Гулшоданинг эски кийимдан, қаттиқ нондан нолиганини кўрмади, эшитмади.

Сабрли аёл эди у. Ўғли Мираббос ҳарбий хизматга чақирилганда ҳаммадан кўп севинди. Фарзандини ҳарбий либосда тасаввур қилган сайин қувончи ичига сиғмасди.

Қувончли кунларга тўсатдан келган дард соя солди. Ошқозон оғриғи безовта қилаётган Гулшодага шифокор совуқ ташхис қўйди: ошқозон бези ўсимтаси.

Ўтган кунлар Гулшоданинг дардини оғирлаштирди, умрининг сўнгги кунларини яқинлаштирди. Аҳволи оғирлашган Гулшода ўғлига сўнгги мактубини ёзди: ҳаётим қувончи Мираббосим! Нури дийдам! Доим онажон сизни рози қиладиган фарзанд бўламан, дердинг. Эгнингга ҳарбий форма кийган кунинг сендан рози бўлдим, болам. Ватанга содиқ бўлишга қасамёд қилган кунинг сендан яна минг бор рози бўлдим. Қувончим, аскар ўғлим, илоҳим доим қасамёдингга содиқ бўл. Давлат ҳимоясига ҳисса қўш. Ўзбекнинг ор-номусини сақла!

Мираббос ҳарбий қисмни имтиёз билан якунлаб, олий ўқув юртига қабул қилинди. Ҳарбий қисм қўмондони “сени дунёга келтирган онангга раҳмат ўғлим” дея бағрига босди. Бу пайтда она мактуби ҳали йўлда эди.

...У онасининг жанозасидан бир кун ўтиб уйга кириб келди.

Бугун у жасур Ватан ҳимоячиси. Ҳар куни онасини хотирлайди: фарзандларимга бўлсин, деб ҳилвираган эски кўйлакда яшаб ўтган, соғлигига ҳам парво қилмаган онасининг фаришта сиймосини ҳеч кўз олдидан кетмайди.

Бўғзида аччиқ алам билан қоғоз қоралайди:

Тур Онажон, жон Онам!
Чўзилиб тош қотмасдинг.
Қанча ҳориб, чарчама,
Мен ухламай ётмасдинг...