Янги Ўзбекистонга янги ғалабалар ярашади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ҳаётбахш ғоянинг жамиятимизда кенг қулоч ёйиши натижасида мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътибори йилдан йилга юксалиб бормоқда.
Бу, яқинда якунланган Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида янада ёрқинроқ намоён бўлди. Айниқса, юртимиз пара спортчилари 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллаши мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, хусусан паралимпия спорт турларини оммалаштириш, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчиларга яратилаётган шарт-шароитларда ўз аксини топди.
Ҳеч бир ғалаба ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Бунинг учун энг аввало, шароит ва имконият керак. Бир вақтлар етиб бўлмасдек туюлган катта орзулар ҳақиқатга айланди.
Эсимда, бундан ўн йиллар муқаддам пара спорт турларини ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, имконияти чекланган инсонларга кенг имкониятлар яратиш масаласи жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатининг энг пастки бўғинида эди.
Биров пара спорт турларини ривожлантириш, ногирон бўлса-да қалб қўрини спортга бағишлашга иштиёқманд ёшларга шароит яратиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш масаласига у қадар қизиқмасди ҳам.
Оқибатда юзлаб дили ўксик шундай ёшлар турмуш ташвишларининг турли қатламларида бошқа йўлларга кириб кетишига, жамиятдан, одамлардан ажралиб қолишига, кўнглида норозилик кайфияти билан яшашга маҳкум эди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йилнинг 15 октябрида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши, 2021 йили “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу соҳа ривожида жуда катта янгилик бўлди.
Бундан 5-6 йил муқаддам юртимизда 4-5 тагина паралимпия спорт турлари ривожланган бўлса, бугунга келиб улар сони 10 тадан ошди. Бундан ташқари, жорий Париж-2024 ўйинлари олдидан 7 тадан ошиқ янги паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар ва ампутантлар ўртасида пара стол тенниси, 5x5 футбол, гандбол, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг, пара бадминтон, шахмат ва бошқа спорт турларини оммалаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқдаки, бу, Франция спорт майдонларида қўлга киритилган ютуқларда ўз аксини топди.
[gallery-19254]
Рақамларга эътибор қаратсак, бундан уч йил муқаддам кун чиқар юрт Японияда ўтган ёзги Паралимпия ўйинларида мамлакатимизнинг иродали пара спортчилари 170 тага яқин давлатлар орасида 16-ўринни эгаллаганди. Бу сафар Парижда поёнига етган ўйинларда 13-ўрин. Демак, Ўзбек пара спортида ўсиш ва юксалиш юз бермоқда.
Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг иродали пара спортчилари умумжамоа ҳисобида Осиё давлатлари орасида Хитой ва Япониядан кейин 3-ўринни, Марказий Осиё, МДҲ, Ислом давлатлари ва Туркий давлатлар ташкилотлари орасида 1-ўринни банд этди.
Париж-2024 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон тарихида илк бор 11 нафар аёл спортчиларимиз медаль қўлга киритди. Пара таэквондочиларимиз Буюк Британия ва Туркия билан биргаликда умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.
Пара енгил атлетика бўйича эркаклар жамоамиз медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида АҚШдан кейин 2-ўринни эгаллади.
Пара ўқ отишдаги мерганимиз 46 ёшли Сервер Ибрагимов Ўзбекистон тарихида энг ёши катта Паралимпия ўйинлари совриндори бўлган спортчига айланди.
15 ёшли Шоҳинахон Йигиталиева Ўзбекистон ва дунё тарихида пара енгил атлетика бўйича энг ёш паралимпия ўйинлари совриндори номини қўлга киритди.
Ҳусниддин Норбеков Паралимпия ўйинларининг уч карра, Бобиржон Омонов ва Шерзод Номозов Паралимпия ўйинларининг икки карра ғолиби, Асила Мирзаёрова, Моҳигул Ҳамдамова, Элбек Султонов, Учқун Қуранбоев, Кароматов Довурхон, Гулжаной Наимова, Рўза Қўзиева ва Сервер Ибрагимов Паралимпия ўйинларининг икки карра совриндори сифатида шарафланди.
Айни рақамларни яна давом эттириш мумкин. Лекин, 17 ёшли Рухшона Ўктамова 114 кг натижаси билан ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаганлиги, Асила Мирзаёрова 5.24 метр натижаси орқали Паралимпия ўйинларида 28 йил аввал испаниялик спортчи томонидан қайд этилган 5.07 метр рекорд натижани 17 см фарқ билан ўзгартирганлиги, шунингдек, Бобиржон Омонов, Ҳусниддин Норбеков, Нурхон Қурбонова, Ёрқинбек Одилов, Шоҳинахон Йигиталиева ўрнатган рекордлар, янги марралар халқаро паралимпия ҳаракатининг янги зарварағи бўлиб тарихга битилганлиги янги ғалабаларимиз бўлганлигидан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, энди дунёнинг мана ман деган спортчилари Ўзбек спортчилари, улар забт этган юқори нуқталарни кўзлаб, улар билан бўйлашиш, улардек матонатли ва иродали бўлиш учун изланади, шахду шижоат кўрсатади.
Бундай ютуқлар ортида сўзсиз тинимсиз меҳнат, тизимли тарзда ўтказилган ўқув-машғулотлар, эътибор ва ғамхўрлик мужассам, албатта. Қолаверса, збекистон миллий паралимпия қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада ошириш бўйича ишлаб чиқилган махсус “Йўл харитаси” асосида, ўтган йиллар давомида паралимпия спорт турларининг 13 тасини қамраб олган “Париж сари йўл” селекцион мусобақалар ҳамда “Янги имкониятлар сари” пара спорт фестивалларининг тизимли тарзда ташкил этилганлиги ютуқларга пойдевор бўлганлигини эътироф этмоқ жоиз.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА