Жорий йилнинг 15 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 4-мактабда ўқитувчи ўқувчиларни калтаклаб дарс ўтаётганлиги ҳақида видео тарқалган эди. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилган ва ўрганиш жараёнлари бошлаб юборилган эди.
Халқ таълими вазирлигининг хабар беришича, синфдаги барча ўқувчиларга қўл кўтарган бухоролик ўқитувчи ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилди, ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Муҳокамаларда кўпчилик ота-оналарнинг фикрига кўра, "эти сизники, суяги бизники", деган даврлар ўтган, болага нисбатан куч ишлатиш мутлақ мумкин эмас. Ўқитувчи ўқувчига таълим беради. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчи ўқувчини уриши, унга ҳам руҳий, ҳам жисмоний зарба беришини оқлаб бўлмайди.
Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев раҳбарлигида халқ таълими бўлимлари мудирлари, мактаб директорлари иштирокида ZOOM орқали йиғилиш ўтказилган. Ўқитувчиларнинг педагогик маданиятини ошириш ва бундай хунук ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатъий топшириқлар берилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА