Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Етакчи ёшларни ўз ортидан эргаштира олиши керак
11:07 / 2022-03-03

Аҳоли муаммоларини жойида аниқлаб, ҳал этиш, хонадонбай ишлаш мақсадида бу йил юртимизда маҳалла бошқарувида бир қатор ўзгаришлар бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари билан маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси ҳамда ёшларнинг муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш мақсадида ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилди.  

Бу икки янги тузилма рамзий маънода маҳалла раисининг “икки қаноти” деб номланиши ҳам уларга бўлган юксак ишонч, катта орзу-умидларни ифодалайди. Самарқанд вилоятидаги 1120 та маҳаллада ҳам  ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси иш фаолиятини бошлаган.  

– Маҳаллаларда ёшлар етакчиси бўлади, деган гап-сўзлар чиққанда ҳар ким турлича муносабат билдирган эди, – дейди ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Лекин давлатимиз раҳбарининг қарорида янги тизимнинг вазифа ва мақсадлари аниқ белгилаб берилди. Яъни бунда ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий қилиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш белгиланди. Эндиликда ёшлар билан ишлашнинг “маҳалла – туман – вилоят – республика” бошқарув тизими яратилди. 
Янгигача тизим ва ёндашув асосида фаолияти йўлга қўйилаётган ёшлар етакчилигига танлов ҳам замонавий усулда амалга оширилди. 

Етакчиликка номзодлар vacancy.argos.uz сайти орқали онлайн ҳужжат топшириб, суҳбатдан ўтди. Уларнинг билими, тафаккур ва дунёқараши, лидерлик қобилиятига эътибор қаратилди. Вилоятимизда ҳам 4578 нафар ёшлар орасидан 1120 нафар етакчилар саралаб олинди. Уларнинг 968 нафарини эркаклар (жумладан, 714 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаган), 152 нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Ёш тоифаси бўйича 7 нафари 20 ёшгача, 275 нафари 21-25 ёшда, 552 нафари 26-30 ёшда, 33 нафари 35 ёшдан юқори ҳисобланади. 705 нафари олий, 244 нафари ўрта махсус, 163 нафари тугалланган олий маълумотли йигит-қизлар. Етакчиларнинг 264 нафари шу пайтгача вақтинча ишсиз эди. Ойлик маош, уй-жой таъминоти ва бошқа ҳаётий муҳим эҳтиёжлари учун барчаси муҳайё қилинди. Маҳаллаларда алоҳида хона, зарур техник жиҳоз ва воситалар ажратилди. Бу борада ҳеч камчиликлари йўқ. Улардан талаб қилинадигани зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажариш, Президент ва халқ ишончини оқлаш. Бу жиҳатлар улар иш бошлашидан олдин ташкил этилган ўқувларда батафсил тушунтирилди. Айни пайтда ҳам жойларда ўтказилаётган амалий семинарларда зарур кўникма ва тушунча берилмоқда. 

Маҳалладаги ёшлар етакчисининг асосий вазифалари давлатимиз раҳбарининг қарори ва бошқа тегишли ҳужжатларда аниқ белгилаб қўйилган. Аввало улар ўз маҳалласида “Ёшлар баланси” ни шакллантириши ва ёшлар тўғрисидаги маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориши, улар билан самарали иш ташкил қилиши лозим. 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятдаги 16-30 ёшдаги 863 минг нафарга яқин ёшларнинг 854 мингга яқини тўғрисидаги маълумотлар тўпланиб, ёшлар балансини шакллантириш деярли якунига етказилди. Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, бешта муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш йўналишларида шу пайтгача 2400 дан зиёд тадбир ўтказилиб, 70 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди. 

Жумладан, Жомбой тумани Тут ва Пайариқ туманидаги Гўзал маҳаллалари мисолида ёшлар етакчилари ишини самарали ташкил этиш юзасидан амалий семинар ва тадбирлар ташкил этилди. 

 – Маҳалламизда 7520 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 30 ёшгача бўлганлар 4087 нафар, – дейди Жомбой туманидаги “Тут” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Элдор Маърупов. – “Ёшлар баланси” ни шакллантириб олдик. Ёшлар орасида ишсизлар 30 нафарни, хорижий давлатларга кетганлар 28 нафарни ташкил этади. Ҳудудимизда 2 та умумтаълим мактаби, 2 та давлат ва 3 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти, 1 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази бор. 12 та кўчанинг ҳар бирига маҳалламизнинг фаол ёшларидан “Кўча сардорлари” сайлаб олдик. “Маҳалла ёшлари” телеграм гуруҳи ва телеграм канали ташкил этдик. Шу йилнинг 10 февраль куни Президентимиз бизнинг туманимизга келиб, биз билан учрашганларидан жуда руҳланиб, ишимизни фаол давом эттирдик. Ана шу учрашувдан уч кун ўтиб, маҳалламизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширдик. Жумладан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида “Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида ватанпарварлик фестивали ўтказилиб, ҳарбий оркестр паради, ҳарбийлар ҳамда махсус отлиқ қўшинлари иштирокида чиқишлар, мотокросс мусобақалари ҳамда ҳарбий техника-воситалар кўргазмалари ташкил этилди.  
Маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш йўналишида 7-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида китоблар тақдимоти, таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ёшлар билан учрашуви ҳамда “Ёш китобхон” кўрик-танлови ташкил этилди. Маҳалла ҳудудидаги кўчалар кесимида “Заковат” интеллектуал ўйинининг “Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилди. 

Маданият ва санъатни тарғиб қилиш йўналишида “Ички ишлар бўлими бошлиғи кубоги” шиори остида “Янги Ўзбекистонга – янги овозлар” кўрик-танлови ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш йўналишида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида спорт мусобақалари ўтказилди. Хусусан, футбол бўйича “Ҳоким кубоги” мусобақаси, волейбол бўйича маҳалла хотин-қизлари ўртасида “Прокурор кубоги” мусобақаси ўтказилди.  

Ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш йўналишида маҳалла ёшлари ўртасида 3 босқичли “Киберспорт” мусобақалари ташкил этилди. Тадбирлар доирасида маҳалланинг 150 нафар ёшларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди. 

Мазкур йўналишдаги лойиҳаларни тизимли ва мунтазам ташкил этиш мақсадида 16.00 дан 22.00 га қадар маҳалла ҳудудидаги 7- ва 12-сонли мактабларнинг спорт залларида спорт тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Тўгараклар машғулотларида ҳар куни ўртача 100-120 нафар маҳалла ёшлари қатнашмоқда. “Бир нуроний - ўн нафар ёшга мураббий”, “Бизнес марафон” ва бошқа лойиҳаларда ҳам маҳалла ёшлари фаол иштирок этди. Тут маҳалласида ўтказилган намунавий лойиҳаларни вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида оммалаштириш мақсадида ҳоким ўринбосарлари ҳамда ёшлар ишлари агентлигининг туман, шаҳар бўлимлари бошлиқлари иштирокида “Тут” маҳалласида ўқув-семинар ташкил этилди. Умуман, бугун Самарқанд вилоятининг барча маҳаллаларида ёшлар етакчиларининг ишини самарали ташкил этиш, ёшлар билан ишлашни янгича асосда йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

 
Ғ.ҲАСАНОВ,  
А.ИСРОИЛОВ (сурат),  
ЎзА