Бугун энг олис ҳудудлардан тортиб шаҳар ва қишлоқларда яшаётган ёшларнинг муаммоларига, орзу-истакларига ечим топиляпти. Уларга қанот бағишлаган куч эса шубҳасиз бу – ёшлар етакчиларидир.
Тўғри, фаолиятини бошлаганига эндигина икки йил бўлаётган бўлсада йигит-қизлар муаммоларига ечим топилишида ёшлар етакчиларининг ўрни сезила бошлади. Улар маҳалла ёшларининг тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳаракат қиляпти.



Бугунги кунда Хатирчи туманининг 70 та маҳалласида ёшлар етакчилари айни шу йўналишда самарали ишламоқда.
– Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларнинг мавжуд муаммо ва камчиликларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, олиб борилаётган ислоҳотларни маҳалладаги ёшларгача етказиш мақсадида жорий этилган янгича тизим бугун ўз самарасини бера бошлади, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Хатирчи тумани бўлими раиси Улуғбек Тўраев. – Туманимиздаги “Жалойир”, “Боғчакалон”, “Икром карвон”, “Янги”, “Амир Темур”, “Самарқанд” маҳаллаларидаги ёшлар етакчилари интилувчанлиги, муаммога тўғри ёндашиши билан бошқа етакчиларга намуна бўляпти. Албатта, бу янги тизим. Айрим етакчилар фаолиятида камчиликлар бор. Шу сабабдан фаол, ташаббускор, самарали ишлаётган етакчиларнинг фаолиятини оммалаштиряпмиз. Танлаб олинган етакчиларнинг аксарияти олий маълумотли. Туманимиз ёшларидан ташкил топган қизлар ва ўғил болалар жамоалари юртимиз бўйлаб оммалашиб улгурган “Беш ташаббус” спорт мусобақалари доирасида мини футбол, стритбол, волейбол, шахмат, шашка ва гимнастрада турларида вилоятда биринчиликни қўлдан бермай келмоқда. Бу ютуқларда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларининг алоҳида ўрни ва ролини таъкидлаш лозим.


Жаҳонгир Гадойниёзов тумандаги фаолияти оммалаштирилаётган ёшлар етакчиси. У “Жалойир” маҳалла фуқаролар йиғинида 2022 йил январь ойидан бошлаб иш бошлаган. Фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ фаоллиги, ташаббускорлиги ва изланувчанлиги билан маҳалла ёшларининг чинакам етакчисига айланди.
– Фаолиятимнинг дастлаб кунлариданоқ хатлов асосида уйма-уй юрган ҳолда маҳалладаги 14-30 ёшдаги ёшларнинг яшаш шароити, соғлиги ва бандлигини ўрганиб, “Ёшлар баланси”ни шакллантириб олдим, – дейди Жаҳонгир. – Бугунги кунда маҳалламизда 648 та хонадон мавжуд бўлиб, 3152 нафар аҳоли яшайди. 14-30 ёшдагилар эса 834 нафарни ташкил этади. Туманда маҳалламизни спортчилар маҳалласи, дейишади. Сабаби маҳалламизда 28 нафар Ўзбекистон чемпиони, 3 нафар Осиё ўйинлари ғолиби ҳамда 1 нафар шахмат бўйича 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Олимпиада совриндори бор. Биз бу билан чекланмоқчи эмасмиз. Маҳалламиз ёшлари орасидан Жаҳон ҳамда Олимпиада чемпионлари чиқишига ишонаман. Шунингдек, ёшларимиздан Сабрина Мадатова 6-11 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қизлар жамоалари ўртасида гандбол бўйича якунига етган “Трофи” кубогининг Осиё босқичи баҳсларида мамлакат терма жамоаси сафида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.


Асли мактабда жисмоний тарбия фанидан сабоқ берган олий тоифали ўқитувчи Ж.Гадойниёзов бугунги кунда ҳам ёшларнинг спорт билан шуғулланишларига бефарқ эмас. У 2017 йилда бокс спорт тури бўйича мураббийлик сертификатини қўлга киритган.
Бугунги кунда маҳаллада ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар мавжуд. Бу ерда 1 та спорт мактаби ҳамда 1 та умумтаълим мактаби фаолият олиб боради. Спорт мактаби ҳамда мактаб директорлари билан келишилган ҳолда ҳафтанинг тоқ кунлари ўғил болалар мини футбол ва варкаут билан, жуфт кунлари эса хотин-қизлар волейбол ҳамда стритбол билан билан шуғулланишади.
– 2022 йилда “Беш ташаббус” олимпиадасининг 1-мавсумида волейбол спорт туридан республикада 2-ўринни, стритбол ҳамда мини-футбол бўйича ДХХ раиси кубогида 4-ўринни эгаллаб, маҳаллада спорт майдончалари қуриш бўйича сертификатни қўлга киритишган. 2-мавсумда эса республикада спортнинг стритбол спорт туридан икки йўналишда ғолиблар сафидан жой эгаллаган маҳалла ёшлари яна 2 та универсал спорт майдони қуриш бўйича сертификатга эга чиқишган, – дейди Жаҳонгир. – “Беш ташаббус” олимпиадасининг 2023 йилги баҳсларида ҳам муносиб иштирок этган 27-30 ёшдаги қизларимиз 1-мавсумда спортнинг енгил атлетика туридан республика босқичида муносиб иштирок этиб, 1-ўринни эгаллади. Мини футбол бўйича ўтказилган “ДХХ раиси кубоги”да ёшларимиз кучли 8 таликка кирди. Мусобақанинг 2-мавсумида эса ёшларимиз волейбол ҳамда кураш спорт туридан вилоятда 1-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, миллий ва замонавий чолғу йўналишида Жумабой Шойимов 1-ўринни қўлга киритди ва республика босқичида иштирок этмоқда.
Албатта, аниқ чора-тадбирларга асосан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижасини беради. Бу ҳаётий ҳақиқат. 2021 йилда Жалойир маҳалласида ҳуқуқбузарлик содир этганлар сони 5 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсатгич 3 тага камайган. 2023 йилда эса бирорта ҳам жиноятчилик содир этилмади ва маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудудга айланди.
Бугунги кунда тадбиркорлик тобора ривожланиб, у билан шуғулланувчилар сони ҳам йил сайин ошмоқда. Қолаверса, бу йўналиш аҳоли, асосан, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ёшлар етакчиси кўмаги билан маҳалладаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.

– Ёшлигимдан авто сервисга қизиқардим, – дейди Аброр Маматов. – Ёшлар етакчиси тавсияси ва кўмаги билан кредит олдим ва ушбу шохобча фаолиятини йўлга қўйдим. Кредитга керакли асбоб-ускуналар сотиб олдим. Ҳозирда 5 нафар ёш иш билан таъминланган. Ўзимга шогирдлар ҳам тайёрлаяпман. Келажакда устахонани кенгайтириш ниятим бор.
Албатта, бир вақтлар бўш вақтини нимага сарфлашни билмай, иш топишга қийналиб, сарсону саргардон бўлиб юрган ёшларнинг бугун мақсадлари аниқ.
Бевосита ёшлар етакчиси кўмагида 5 нафар ёш кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйган ҳолда 10 га яқин янги иш ўрни яратган бўлса, 20 га яқин ёшнинг бандлиги таъминланиб, доимий иш ўрнига эга бўлди.
Жаҳонгирнинг тўлқинланиб, ғурур билан гапиришидан ҳам кўриниб турибдики, у ҳақиқий ёшлар етакчиси. Ўз касбини жуда севади.
Ҳа, ёшлар етакчиси лавозимини жорий этишдан мақсад ҳам маҳаллада ёшлар билан самарали ишлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.
Хуллас, бугун маҳаллалардаги ёшларнинг ҳеч бири эътибордан четда эмас. Улар ҳар куни қайсидир юмуш ёхуд қайсидир спорт тури бўйича ўтказилаётган мусобақада иштирок этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/L2Yt2PXEBXE" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, ЎзА мухбири