Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эсселар танлови ғолиблари тақдирланди
11:17 / 2022-05-20

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги эсселар танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган танловда факультет, олий таълим муассасаси босқичларида ғолиб бўлган 30 нафар талаба иштирок этди.

[gallery-7186]

Танловни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашлар, буюк мақсадларга эга шахслар сифатида тарбиялашдир. Шунингдек, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда ёшларнинг фаол иштироки ва дахлдорлигини шакллантиришдан иборат.

Танлов якунида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти бошланғич таълим факультети 2-босқич талабаси Гулчеҳра Қалбаева биринчи, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали компьютер инжиниринг факультети 2-босқич талабаси Азиза Шеримматова иккинчи, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўзбек филология факультети 1-босқич талабаси Гулёр Гаппарова учинчи ўринни эгаллаб, мамлакатимиз босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Танлов ғолиблари ва уларнинг устозларига диплом, эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА