Маълумки, ўтган 2021 йил 12 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида республикадаги мактабларнинг шароити ҳақида тўхталиб эди.
«Мени нима қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволларни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик. Аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб-кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан», деган эди Президент.
Давлатимиз раҳбари топшириқларига кўра барча поғонадаги раҳбарлар томонидан мактаблардаги муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинмоқда.
Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳамкорликда Қашқадарёдаги мактаблар фаолияти билан танишди.
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятидаги 1 минг 204 та умумтаълим мактабининг моддий техника базаси, шарт-шароитлари таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан мактаббай вилоятдаги эскирган парта, стул, доскаларни янгилашга бўлган эҳтиёжлар аниқланиб, ҳар бир мактаб бўйича алоҳида режалар тайёрланмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига аввалги ташрифи давомида Қарши шаҳрида қашқадарёлик ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашган эди. Мазкур учрашувда Қашқадарёда мактаблар аҳволи ҳам, тиббий хизмат сифати ҳам қониқарсизлиги ва муаммолар хусусида сўз борган. «Бу икки соҳани ривожлантирмасдан туриб рақобатбардош мамлакат бўла олмаймиз. Келажакни соғлом миллат, билимли авлод қуради», дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА