Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эски вагонларни совитиш қурилмаси билан жиҳозлаш имконсиз – Тошкент метрополитени
15:27 / 2025-07-18

Ҳар йили ёз фаслида ҳароратнинг ортиши аҳолига турли ноқулайликлар туғдиради. Айниқса, кўпчилик фойдаланадиган жамоат транспортлари, жумладан, метрополитенда салқинликни сақлаш, ҳаво айланмасини таъминлаш ва умумий қулай муҳит яратиш масаласи долзарб ҳисобланади.

Ёз фаслида йўловчилар метродан фойдаланганда ҳаво етишмаслиги, иссиқ ва муттасил муҳитдан шикоят қилмоқда.

Ушбу ҳолатга "Тошкент метрополитени" ДУК матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда метрополитен тизимига бўлган талаб кун сайин ортиб бораётгани сабабли йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида босқичма-босқич равишда 41 та янги ҳаракат таркиби олиб келинди. Натижада метро вагон паркининг 50 фоиздан зиёд поездлари янгиланди. Вагонлар ва бекатлар замонавий совитиш тизимлари билан жиҳозланган. Бу нафақат ҳароратни пасайтиради, балки ҳавони тозалашга ҳам ёрдам беради.

Соҳа мутахассисларининг фикрича, жамоат транспортларида табиий ва сунъий вентиляция тизимларини такомиллаштириш, ҳавони доимий айлантириб туриш жараёнини ташкил қилиш муҳим.  

Яратилаётган қулайликларга қарамасдан, Тошкент метрополитенида кўп йиллик фойдаланилаётган эски турдаги ҳаракат таркиблари ҳамон мавжуд бўлиб, ишлаб чиқарувчи томонидан махсус совитиш тизими ўрнатилмагани боис, эндиликда эски вагонларни бу турдаги қурилма билан жиҳозлаш имконсиз.

Хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида янги ҳаракат таркиблари хариди йўлга қўйилган ва жараён давомий тарзда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида босқичма-босқич равишда метро вагон паркидаги поездлар янгиланиши режалаштирилган. Шунингдек, бу ишлар давоми сифатида 2025-2026 йиллар давомида яна янги 14 та тўрт вагонли ҳаракат таркиби харид қилиниб, йўналишларга чиқарилиши мақсад қилинган ва бунинг устида керакли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА