Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Мевазор маҳалласида жойлашган 114-умумтаълим мактаби капитал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда мактаб таълимига қаратилаётган юксак эътибор, мавжуд таълим муассасаларини тубдан янгилаш ва ўқувчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар мазкур мактаб мисолида яна бир бор ўз ифодасини топди.
1966 йилда ташкил этилган, 1500 ўқувчига мўлжалланган ушбу таълим маскани йиллар давомида фаолият юритиб келган. 2007 йилда қисман таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлсада, кейинги йилларда бинолар, муҳандислик коммуникациялари, жиҳозлар ва иситиш тизими тўлиқ янгиланишни талаб этаётган эди. Инвестиция дастури доирасида мактабни капитал таъмирлаш учун 12,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, жорий йил июнь ойида бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари қисқа муддатда сифатли якунланди.
Капитал таъмирлаш жараёнида мактабнинг барча ўқув хоналари, спорт зали, фаоллар зали ва ошхона тўлиқ реконструкция қилинди. Ўқувчилар учун замон талабларига мос янги мебель, замонавий ўқув жиҳозлари ва техник воситалар ўрнатилди. Натижада таълим жараёнини самарали ташкил этиш учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Янгиланган мактабнинг тантанали очилиш маросими байрамона руҳда ўтди. Ўқувчилар томонидан тақдим этилган бадиий чиқишлар, шеърий дасталар ва рақс композициялари тадбирга ўзига хос кўтаринки кайфият бағишлади. Маросимда Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, туман прокурори Тахиржон Хусанов, шаҳар ва туман Мактабгача ва мактаб таълими тизими раҳбарлари, шунингдек маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида расмийлар мактабнинг барча хоналари билан танишиб чиқди, яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди. Шунингдек, мактаб раҳбарияти, ушбу таълим даргоҳида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий устоз, педагоглар ва ўқувчилар билан суҳбатлар ташкил этилди. Уларда таълим масканида амалга оширилган янгиланишлар, яратилган имкониятлар ва келгусидаги режалар ҳақида фикрлар билдирилди.
Капитал таъмирдан чиққан 114-умумтаълим мактаби нафақат ўқувчилар ва ўқитувчилар, балки маҳалла аҳолиси учун ҳам қувончли воқеага айланди. Яратилган замонавий муҳит ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, билим ва салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши, бу эса мамлакат келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8wX4ExP6Cto" title="Eski maktab yangi qiyofada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов, Дониёр Якубов (видео) ЎзА