Шу кунларда таниқли олим, сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраевнинг “Эсимни таниган кун” тўплами “Янги саҳифа” нашриётида босмадан чиқди.
Китобдан қирққа яқин ҳикоялар, таржималар, бадиий-публицистик очерк ва мақолалар ўрин олган.
“Эсимни таниган кун”, “Онамнинг қарғиши”, “Бобомнинг сўнгги насиҳати”, “Энг қудратли туйғу”, “Кўр-соқовлар иши” ҳикояларида муаллиф ҳаётда ўзи дуч келган энг оғриқли нуқталар ва ҳаяжонли воқеалар ҳақида куюнчаклик билан ёзади.
Қ. Жўраев бу дунё ҳамонки, боқий бир макон эмас экан, яшамоқнинг асл мазмун-моҳиятини ўзликни теранроқ англаш, имкон қадар бошқаларга яхшилик қилиш, ёшларга самимий ғамхўрлик, кексалараг доимий эътибор кўрсатиш экани ҳақида тугал хулосага келади.
Олимнинг виждон қўнғироғи жарангдор бонг уриб, мудроқ жамиятни уйғоқликка чорлайди, ҳар қандай адолатсизликларга қарши қатъий билан курашиш зарурлигини уқтиради. Унинг наздида, устозлик шарафи фақат талабага билим ва кўникмаларни ўргатишгина эмас, балки болалар қалбини боғбон каби тарбиялаб, инсонийлик масъулияти ва бурчига садоқат сақлаб қолиш туйғуларини ҳам камол топширишда эканини таъкидлайди.
“Француз дўстимдан олган сабоқ” ҳикоясида муаллиф ўзининг Парижга ташрифи чоғида француз элининг она табиатга катта эътибори ва юксак экологик маданиятидан олган ибрати-сабоғи бир умр эсидан чиқармаслигини мисол сифатида келтиради.
“Ўттиз йиллик азоб-уқубат”да эса қаттол шўролар тузумининг адолатсиз тартиблари сабабли Усмон исмли йигит бошига тушган аянчли қисматни титроқ ила қаламга олади. 1925 йилда Германияда таҳсил олишга юборилган ўсмир йигит, олмон диёрида таълим олаётган барча тараққийпарвар ёшларимиз қатори шошилинч тарзда ортга қайтарилади. Режалари буткул ўзгариб кетган йигит 1931 йили Тошкентдаги педагогика билим юртида ўқиб, 1933-38 йиллар давомида ўрта мактаб ва Бухоро педагогика институтида немис тилидан дарс беради.
Аммо шунга ҳам қарамай, уни давлат органлари бир кун бўлсин, тинч қўйишмайди. 1938 йил 13 январь куни тўсатдан иш жойидан қўлига кишан солиб, Самарқандга олиб кетишади. Аксилинқилобий унсур, хорижий разведкага ёлланган хиёнаткор сифатида оғир қийноққа солинади. Саккиз сутка тик оёқда турғазиб, ақлдан озиш даражасига олиб боришади. Терговчилар унга ўзлари ёзган туҳмат-бўҳтон ҳужжатларни имзолатиб оладилар. Шундан сўнг “иш”ни ҳарбий трибуналга йўллашади. Трибунал далил етишмагани сабабли маҳбусни ортга қайтаргач, яна икки йил давомида Самарқанд турмасида ётади.
“1940 йил Москвада менга 8 йиллик меҳнат тузатиш лагерига йўллаш жазосини белгилашди. Жазони Магадан вилоятидаги Дальстрой лагерида ўтаб, 1946 йил лагердан бўшатилдим. Аммо, тўлиқ озод бўлмадим. Ватанимга қайтишимга рухсат беришмади. 1957 йилда Бухорога қайтдим. Бироқ ўтган йиллар давомида таҳқир, ноҳақлик ва азоблар ортида маънан ўлдирилган инсонга айландим”, деб ёзади Москвага ёзган мурожаатномасида Усмон. Бегуноҳ инсон фақат 1958 йилга келибгина оқланади ва шу тариқа 35 йиллик умри кўкка соврилади.
Муаллиф адолат синдирилган, инсонга адоқсиз пушаймонлик ва афсуслар келтирадиган, одамлар тақдирини чанг-ғуборга тўлдирадиган ва фожеага айлантирадиган давлатнинг бунчалар салбий ролини инсониятга қаратилган чинакам жиноят деб баҳолайди.
Бундан ташқари, “Менинг онам – бўри”, “Видолашгани келган филлар”, “Талабшо бобо ва айиққиз Мария”, “Бир асрлик оғриқ”, “Қалдирғоч ҳақида эссе” каби ҳикоя ва публицистик очеркларда агар оламда ҳақиқий меҳр-муҳаббат ва сабр-тоқат бўлса, инсон билан ҳайвонот ва наботот дунёси ўртасида ҳам тўғридан тўғри мулоқот ўрнатиш мумкинлиги тарғиб қилинади. Бундай эзгу ғоялар Жума Жумаев, Энтони Лоуренс, Талабшо сингари қаҳрамонлар тимсолида қизиқарли очиб берилади.
Қодир Жўраев атоқли француз адиби Ги де Мопассаннинг “Маржон”, рус ёзувчиси Ирина Самаринанинг “Фаришталар мудом ёнингда”, америкалик адиби Элизабет Балларднинг “Тедди ёзган мактублар” ҳикояларини француз, инглиз рус тилларидан маҳорат билан таржима қилган.
Унинг Франция давлатчилиги борасида ёқлаган докторлик илмий иши, халқаро муносабатлар соҳасида рус ва инглиз тилларидан талабаларга 30 йилдан буён сабоқлар бериб келаётгани, хорижий тилни билиш борасидаги профессионал маҳоратини чархлаган. Албатта бу салоҳият унинг келгусида кўплаб қисса ва романларни ҳам ўзбек тилига таржима қилиш имконияти етарли эканидан ишора беради.
Ундан кейинги бадиий-публицистик очерклар ва мақолаларда профессор, таниқли дипломат Саидмухтор Саидқосимов, Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод Тоғаев, тарих фанлари доктори, профессор Раҳмон Фармонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритади.
“Ибн Баттутанинг Вобкент ва Бухоро ҳақидаги битиклари”, “Муқаддас битикни ўғирлаган ношудлар” тарихий-публицистик очеркларида эса ўзи камол топган вилоятдаги кўҳна қадамжолар тарихини пухта таҳлил қилишга уринади. “Фужи ва Ҳазрати Султон” қиёслама мақоласида сайёҳлик борасида японларнинг илғор тажрибасини, ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар талай эканини, кузатилаётган оқсоқликларни бартараф этиш зарурлигини тилга олинади.
Муаллифнинг ҳаётнинг ҳар бир ибратли лаҳзасидан ҳайратланиш фазилати қатъиятли журналистларга хос бўлган оқимга кўникмаслик мавқеи билан уйғунлашиб кетади. Тўпламнинг бутун мазмун кўлами ягона ўқ илдиз-чизиқда – ҳар бир инсоннинг Ватан тақдири учун бефарқ бўлмаслик, ҳар куни орият ва ғурур жанггига отланиш даъвати билан кечади. Гўё бир қарашда майда, эътиборсиз кўринган муаммолар
Қ. Жўраевнинг безовта руҳи ва умумбашарий тафаккур призмасида кўламдор масалага айланади.
Ёзилиш тили равонлиги, мантиқий изчиллиги тугаллиги, мавзулар ранг-баранглиги ва ҳаётий сюжетларга бойлиги сабабли китоб бир нафасда ўқилади. Муаллифнинг зукко қиёфасида жамиятда сокин юрган, лекин қатъий ижтимоий позициясига эга бўлган, доимий курашувчан инсон образи пайдо бўлган. Китоб кенг омма учун мўлжалланган.
Лазиз Раҳматов,
Сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси