English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эшқобил Шукур: “Сайланма” – Ой йўли”
14:57 / 2025-09-25

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Истеъдоли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  маданият ходими Эшқобил Шукурнинг “Сайланма” – Ой йўли” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

Китобдан Эшқобил Шукурнинг узоқ йиллик меҳнати маҳсули –  ошиқона ва ҳикматга йўғрилган вазмин ва сокин шеърлари ҳамда Ҳазрат Баҳоҳовуддин Нақшбандга бағишланган “Нақшбанд” достони жой олган.

Мутолаа жараёнида “Қалдирғочнинг кўз ёшлари” номли туркумни алоҳида эътибор билан оҳангини топиб ўқийсиз ва “қалдирғочнинг кўз ёшлари”да ҳаёт рангларини, қолаверса, шоир сиймосини кўргандек бўласиз. 

Мен

Қабрда туғилган Гўрўғли эдим,

Икки жаҳон аро Йўлўғли эдим,

Зулмат йўргаклаган Нурўғли эдим...

Мен

Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,

Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,

Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим...

Мен

Қалдирғоч қўрғонин меҳмони бўлдим,

Адашган мусофир армони бўлдим,

“Бор экан, йўқ экан” достони бўлдим...

“Насойим ул муҳаббат”га сайр туркумини ўқиб хаёлот оламингиз ёришиб, руҳингиз ўсгани, само сари юксалаётганини ҳис қиласиз. Шоирнинг ўзи ушбу шеърий туркум ҳақида “Бу... “йўқолганидан кейин топилмайдиган, топилганидан кейин йўқолмайдиган” инсонлар ҳақида, “ҳаётсиз ўлим, ўлимсиз ҳаёт”ни яшаб ўтган инсонлар ҳақида” дея изоҳ бериб ўтади. 

Кўп хуштаъб эдилар Шайх Абу Зуръа,

 

Чеҳрасида доим қуёш куларди.

У дўсту душманга тортинмай зарра

Илиқ табассумлар ҳадя қиларди.

 

Ундан сўрадилар: Нечун ҳаммага – 

Яхши ҳам ёмонга табассум қилгунг?

Шундай бўлиши мумкинми бутун оммага

Барчага баравар севгинг ва кулгунг?

 

У деди: Меҳрим ҳам, кулгум ҳам текин,

Кўнглим нурга тўлган бир соям йўқдур.

Элга эҳсон берай дейман-у, лекин

Табассумдан ўзга сармоям йўқдур...

Эшқобил Шукурнинг “Сайланма”сини, албатта, ўқинг.

                                                                                      А.Нарзуллоев, ЎзА