Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эшкак эшувчиларимиз Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқда
10:04 / 2025-06-13

Таиландда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U18 ҳамда U23 ёш тоифаларидаги Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда. Қитъа чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси спортчилари муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Хусусан, U18 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида 1000 метр масофага бўлиб ўтган беллашувларда ҳамюртимиз Данила Крюков (K-1) бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу масофадаги баҳсларда Асқар Ҳасанбоев (C-1) эса кумуш медални қўлга киритди.

Шунингдек, каноэчиларимиз Оғабек Нуриддинов ва Даврон Ахтамов (C-2) тандеми чемпионатнинг олтин медалига эга чиқди.  

Байдаркачимиз Шаҳризода Мавлонова (K-1) эса яккалик баҳсларда ғалаба қозониб, олтин медаль билан тақдирланди.

U23 ёш тоифасидаги баҳслар ҳам спортчиларимиз учун ютуқларга бой кечмоқда. Байдаркада эшкак эшиш йўналишида Озоджон Амриддинов (K-1, 1000 м) кумуш медаль соҳибига айланди. Миржалол Комилов (C-1) эса каноэдаги чиқишини ғалаба билан якунлаб, олтин медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Бундан ташқари, байдаркачимиз Арина Танатмишева (K-1) ҳам чемпионатда муносиб иштирок этиб, U23 ёш тоифасида кумуш медаль билан тақдирланди.

Ушбу мусобақада U23 ёш тоифасидаги байдаркачилар ўртасидаги жамоавий (K-4) беллашувларда Самандар Ҳайдаров, Бегзод Муродов, Озод Амриддинов ва Ярослав Славгородскийдан иборат квартет кураш олиб бориб, Осиё чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритди.

Айни дамда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар 5 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронзани ташкил этмоқда.

Чемпионат давом этмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаева,

ЎзА