Навоий вилояти Кармана туманидаги 25- ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “International Inclusive Hub” маркази ҳамда “Phonak” компанияси ҳамкорлигида “Эшитишда нуқсони бўлган болалар учун таълим жараёнида замонавий ассистив технологияларни қўллаш” мавзусида республика амалий семинари ўтказилди.
Кар ва заиф эшитувчи болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш, уларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва замонавий ассистив технологияларни таълим жараёнига самарали жорий этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидан ташриф буюрган ўқитувчи-педагоглар иштирок этишди.
Дастур доирасида Рожер тизими ва эшитиш мосламаларининг педагогик самарадорлигига бағишланган маърузалар, кўргазмали дарслар, амалий машғулотлар ва тренинглар ташкил этилди.
– Эшитишида нуқсони бўлган болаларда замонавий ассистив технологияларидан фойдаланиш мақсадида ўтказилаётган амалий семинарда педагог ходимларимизга қулай ва болалар билан ишлашда энг мақбул жараёнлар тушунтирилмоқда, – дейди агентликнинг вилоят бошқармаси мутахассиси Меҳринисо Алейнова. – Бу тизимдан фойдаланиш заиф эшитувчи болаларнинг эшитишини имкон қадар тиклаш, инклюзив таълимга тайёрлаш, жамиятга мослашувини таъминлашга хизмат қилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг асосий йўналишларидан бири ҳам алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бўлган ҳар бир болани таълимга қамраб олишни ўз олдига мақсад қилган. Ҳеч бир бола уйда таълимсиз қолмаслиги керак. Ҳар бир болани биз таълим билан қамраб олишни мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳозирги кунда ихтисослаштирилган мактабларнинг мақсади ҳам болаларни жамиятга мослаштириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва ўзларига мос касбларни танлашига кўмаклашишдир.
Маълумки, замонавий таълим системасида барча бола учун ғамхўрлик қилиш, уларнинг тенг ҳуқуқли ва тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, эшитишда нуқсони бўлган болалар учун таълим жараёнида замонавий ассистив технологиялар уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ва ижтимоий интеграциясини осонлаштиришда муҳим рол ўйнайди. Ассистив технологияларнинг асоси инсонларнинг кундалик фаолиятини енгиллаштиришга йўналтирилган махсус воситалар, илова вa дастурлардир.
[gallery-25002]
– Рожер эшитиш мосламаси ҳам эшитиш жараёнини, ҳам талаффузни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди, – дейди дефектолог Феруза Ҳамроева. – 2022 йил октябрь ойида “Замин” фонди томонидан ўқувчиларга тақдим этилганидан буён ушбу аппаратни ишлатиб келмоқдамиз. Ҳозирги кунда инклюзив таълимга йўналтирилаётган ўқувчиларимиз сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Замонавий ассистив технологиялар ёрдамида ташкил этилган дарслар ва индивидуал машғулотлар натижасида Кармана туманидаги 25- ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 23 нафар бола инклюзив синфларда ўқиш имкониятига эга бўлди. Демак, ассистив технологиялари эшитишда нуқсони бўлган болаларнинг таълимда ўз имкониятларини тўлиқроқ амалга ошириш, ижодий ва интеллектуал ривожланиши, мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни енгиллаштиришга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uNkVFt9HUxM" title="Eshitishda nuqsoni bo‘lgan bolalar uchun zamonaviy texnologiyalar qo‘llanilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари