Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эшитиш ва нутқида муаммоси бор шахслардан 18 минг 900 дан зиёд мурожаат бўлган
13:57 / 2022-04-07

Маълумотларга кўра, ҳозирда эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларга тегишли маълумотларнинг электрон базаси яратилган бўлиб, бугунги кунда 18 ёшдан ошган шундай фуқаролар 21 минг нафардан ортиқни ташкил этади.

Хўш, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган бу каби шахслар учун ахборот ресурслари ва давлат тезкор оператив хизматлар билан алоқалар хизмати қониқарлими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Самандар Ҳикматуллаев эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, республикамизда ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни кучайтириш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати йўлга қўйилди.

Вазирлик тизимида диспетчерлик хизматининг ташкил этилиши билан эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар учун ахборот ресурслари ва давлат тезкор оператив хизматлар билан алоқа ўрнатилиб, мазкур шахсларнинг жамиятга тўлиқ ижтимоий интеграцияси таъминланди. Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами учун тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилди, шунингдек, ушбу тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун шарт-шароитлар яратилди.

Диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси – эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек, уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар, яъни видео-қўнғироқлар, матнли хабарлар, махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар орқали мурожаатларга 101, 102, 103, 104, 1050 шошилинч оператив хизматларининг кеча-ю кундуз, тезкор жавоб бериш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштиришдан иборат. Хизматда мазкур вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган имо-ишора, яъни сурдотаржимонлар тилида сўзлашадиган мутахассислар фаолият юритади.

Диспетчерлик хизмати фаолияти давомида эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслардан 18 минг 900 дан ортиқ хабар қабул қилинган ва уларнинг 250 дан ортиғи шошилинч оператив хизматларига таалуқли масалаларни ўз ичига олади. Мурожаатларнинг аксарияти ижтимоий характерга эга бўлиб, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлганларга онлайн таржимонлик ёки баъзи масалаларда маслаҳат олиш бўйича келиб тушган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, агарда эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар кўнгилсиз ҳолат ёки қийин вазиятга тушиб қолиб, ёрдамга муҳтож бўлсалар, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги барча зарур алоқа воситалари билан жиҳозланган Диспетчерлик хизматига мурожаат қилишлари мумкин.

Эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсга ваколатли давлат органлари ва ташкилотларидан юқори сифатли ёрдам тўғридан-тўғри улар ўртасидаги очиқ ва тўсиқсиз суҳбат ҳамда тушунишга боғлиқ бўлиб, уларга тажрибали имо-ишора мутахассислари томонидан яқиндан кўмак берилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА