Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эшитиш қобилиятини йўқотган бемор энди эшитади
10:42 / 2026-02-05

Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида юқори технологик жарроҳлик амалиёти — кохлеар имплантация ўтказилди.

Жомбойлик 12 ёшли бола минингитга учраб, оғир хасталикка чалинади. Унинг асорати қулоғида турли муаммоларни келтириб чиқаради. Охир-оқибат эшитиш қобилиятини йўқотади. Айни пайтда 32 ёшда бўлган йигит қулоғидаги нуқсонни даволаш учун турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилади. Аммо натижа бўлмайди. Хорижда кохлеар имплантация амалиётини ўтказиш орқали эшитишни тиклаш имкони борлигидан хабар топган беморнинг ота-онасида хорижга чиқишга имконият йўқ эди. Қачонки улар Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бундай жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти яратилгани ҳақида эшитгач, беморни шу ерга олиб келишади.

– Бемор хасталик туфайли эшитиш қобилиятини йўқотгач, бир неча бор муолажалар олишга ҳаракат қилган, - дейди Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлим мудири Муҳаммад Бекмуродов. – Текширувлар якунида беморда фақатгина кохлеар имплантация амалиётини ўтказиш орқали эшитишни тиклаш мумкинлиги айтилган, лекин бу ишни амалга ошириш имкони бўлмаган. Кейинги йилларда юртимизда тиббиётни ривожлантиришга қаратаётган эътибор, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириш учун яратилган шароит туфайли Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети малакали мутахассислари ҳамкорлигида беморда кохлеар имплантация амалиётини муваффақиятли ўтказдик.  

Жарроҳлик амалиётида беморнинг хасталик туфайли зарарланган асаб толалари ўрнига имплант датчиклар киритилиб, ички қулоқ қисмига кохлеар имплант ўрнатилди.  Бемор махсус сигналларни эшитганлигини қайд этган, бироқ у узоқ вақт мобайнида эшитмаганлиги боис, махсус амалиёт орқали тегишли мутахассислар билан белгиланган муолажа жараёнини ўташи лозим. Шу орқали унинг эшитиш қобилияти тикланиб, нутқидаги муаммолар бартараф этилади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари