French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“ESG” тамойиллари асосида давлат корхоналарини ривожлантириш – очиқлик ва шаффофлик мезонидир 
17:22 / 2024-03-07

Давлат корхоналари фаолияти очиқлигини таъминлаш ва халқаро стандартлар асосида ишларни ташкил қилиш бугунги даврнинг энг муҳим масалаларидан. Шу сабабли, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бу борада қатор устувор вазифалар белгиланган.

Унга кўра, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш, корпоратив ижтимоий масъулият (CSR) ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) ҳолати тўғрисида жамоатчиликка маълумот бериш амалиётини жорий этиш чора-тадбирлари кўрилади. 

“UzAssets” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Баҳодир Усмонов ана шундай талаблар асосида ушбу ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди: 

– “UzAssets” акциядорлик жамияти давлат корхоналарини трансформация қилиш жараёнларига кўмаклашади. Бунда ташкилот томонидан қатор тадбирлар ўтказилади ва амалий ёрдам берилади. Шунингдек, бу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқда ва унинг талаби ҳамда халқаро ташкилотлар стандартлари асосида ўз мақсадларини белгилайди. Жамиятимиз бу мақсадлар асосида давлат корхоналарида ушбу жараёнларни тизимли равишда ташкил қилишда кўмаклашади. 

Яқинда компаниямиз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда “ESG” тамойиллари бўйича давлат компанияларини барқарор ривожлантириш” мавзусида семинар ташкил қилди. Тадбирга давлат иштирокидаги корхоналар, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, шунингдек, халқаро аудиторлик компаниялар вакиллари таклиф этилди. Бундан кўзланган мақсад эса давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) ҳолати тўғрисида жамоатчиликка маълумот бериш амалиётини жорий этишдир. 

Таъкидлаш керакки, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосан давлат корхоналарининг фаолият олиб бориши ҳам трансформация жараёнларининг бир қисмидир. 

Давлат корхоналари учун экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосланиш муҳим ва ижобий самара беради. Бироқ ушбу тамойилларни бажармаслик давлат корхоналари фаолиятига салбий таъсир этади. Дейлик, бунда тўғридан-тўғри таъсир қилмаслиги мумкин, лекин корхоналарнинг молиявий ҳолатига ҳар хил хатарлар сақланиб қолади. 

Шундан келиб чиқиб, семинарда халқаро компанияларнинг молиявий ҳисоботлари, S1/S2 стандартлари ва “ESG” тамойиллари ҳақида атрофлича маълумот берилди ва уларнинг зарурлиги таъкидланди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга асосан давлат корхоналари атроф-муҳит билан боғлиқ масалаларни ҳам корпоратив талаб сифатида эълон қилиб боришлари лозимдир. 

Бундан ташқари, “ESG” тамойилларининг Ўзбекистонда қай даражада долзарблиги Конституцияда ҳам ўз ифодасини топган. Яъни, унинг 49-, 62- ва 66-моддаларида атроф-муҳит муҳофазаси муҳим масала экани белгиланган. 

Шу талаблар асосида биз семинар иштирокчиларига “UzAssets” АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган давлат компанияларини “ESG” тамойиллари бўйича барқарор ривожлантириш юзасидан “Йўл харитаси”ни тақдим қилдик. Унда халқаро ташкилотлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳитга таъсир этувчи асосий “ESG” мезонлари, жумладан, чиқиндиларни бошқариш, энергия истеъмоли, ҳаво чиқиндилари ва сув истеъмоли масалалари юзасидан вазифалар белгиланган. 

Қолаверса, Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини янада жадалроқ амалга оширишда айнан экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосан давлат корхоналарини барқарор ривожлантириш энг муҳим ва долзарб вазифалардандир. 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди