Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эсда қолар бахтиёр кунлар
20:03 / 2021-12-29

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор санъаткор, нодир овоз соҳиби Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

“Эсда қолар бахтиёр кунлар” деб номланган мазкур тадбирга мусиқа санъати мухлислари, маънавият тарғиботчилари, Зокировлар сулоласининг вакиллари таклиф этилди.

Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва бошқалар йиллар ўтгани сайин устоз санъаткор Ботир Зокировнинг ижодий мероси нечоғли катта аҳамиятга эга бўлиб бораётгани тобора яққолроқ аён бўлаётганини таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда устоз санъаткор  ижодини ўрганишга бўлган эътибор тобора ортди.

Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Ботир Зокиров санъатга, ўз халқига, мухлисларга, саҳнага  муносабатда ҳам ҳали-ҳамон ёшлар учун, кўпчилик санъаткорлар учун ибрат мактабидир.

– Президентимизнинг атоқли санъаткор Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлашга оид қарорини қувонч билан, кўзда ёш билан кутиб олдик, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев. – Бу қарорни мен мухлис сифатида, санъат журналисти сифатида 35 йил кутдим. Чунки  Ботир Зокиров таваллудининг эллик  йиллиги ҳам, олтмиш, етмиш, саксон йиллиги ҳам нишонланмади. Ваҳоланки, Ботир Зокиров миллий эстрада санъати йўналишида мактаб яратган санъаткор. Ботир Зокиров бу санъатни  дунёга машҳур қилди. Унинг санъати мангуликка дахлдордир.

   – Президентимизнинг Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлашга оид ташаббусидан оиламиз, умуман, сулоламизнинг барча вакиллари ғоят мамнун бўлди, – деди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова. – Санъаткорнинг иккинчи умри мухлисларининг хотирасида, унинг ижодий мероси тарғиботига оид шундай эзгу ишларда бардавомдир.

Тадбирда Ботир Зокиров ижодий меросининг миллий санъатимиз, маънавиятимиздаги аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Унинг порлоқ ва табаррук ёди  билан боғлиқ хотиралар эсга олинди. Қўшиқларидан намуналар ижро этилди.

Дарҳақиқат устоз Ботир Зокиров қалбимизда мангу яшайди! Унинг дунёни забт этган бетакрор қўшиқлари эса абадиятга дахлдор!

Назокат Усмонова,
ЎзА