Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эртасини қўлида китоб тутган, замон билан ҳамнафас ёшларга ишонган юрт
17:43 / 2024-02-19

Президент ташрифидан сўнг...

Ёшлар – эртанинг эгаси. Чин маънода эгаларни улғайтириш учун бугундан ҳаракат қилинади. Уларнинг таълим-тарбиясига масъулият билан қаралади, шу соҳага зарур даражада инвестиция йўналтирилади.

Таълим дейилганда жуда кенг қамровли жараён тушунилади. Бугун унинг бир тармоғини бир ҳудуд мисолида изоҳлашга ҳаракат қиламиз.

Президент Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни Андижон вилоятига ташрифи давомида Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида бўлди. Бу ерда ёшлар билан ўта самимий ва очиқ мулоқот бўлди. Даврадаги суҳбатга қулоқ тутар экансиз давлатимиз раҳбарининг ўтган йили Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” кутубхонаси, пойтахтимиздаги янгиланган Республика болалар кутубхонасидаги учрашув ёдга тушди. Юртбоши ёшлар билан ҳамиша мана шундай яқин.

Президентимиз фаолиятининг бошиданоқ ёшлар келажагига дахлдор масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу ўринда китобхонликни рағбатлантириш борасидаги ишларга жиддий урғу берилаётганини таъкидлаш ўринли.

Хусусан, етти йил олдин китоблар нашр этишни ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича Президент фармойиши қабул қилинганди. Шунингдек, ноширлик фаолияти, китоб мутолааси, бу йўналишдаги тарғибот тадбирлари рағбатлантирилмоқда. Адабиётсевар ёшларнинг интилиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрда имзоланган “Ёшлар учун минг китоб» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Бу ҳужжат билан ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи жаҳонда машҳур китобларни ўзбек тилига таржима қилиш жараёни тезлашади. Шу орқали ёшларнинг замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан яқиндан танишиш имконияти ортади. Бу каби аниқ мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мазкур сиёсатнинг ёрқин ифодасини Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонаси фаолиятида ҳам кўриш мумкин. 

Янги бунёд этилган мазкур зиё маскани кенг, шинам ва ёруғ. Бу ерда бир вақтда 150 дан ортиқ китобхон мутолаа қилиши мумкин. Кутубхона 30 минг нусхадан зиёд адабиётга эга, қатор ахборот марказлари тармоғига уланган. Бу жой интеллектуал ўйинлар, ижодкорлар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказиладиган қайноқ даргоҳга айланди. У нафақат ёшлар, ҳудудда яшовчи барчанинг севимли масканига айланган.

– Президентимиз бу ерда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган, таълим олаётган тенгдошларимизнинг таклифлари, орзу-истакларини тингладилар, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси Маржона Умарова. – Мулоқотда оталарча меҳрни ҳис қилдик. Тасаввур қилинг, отаси ишонч билдирган фарзанд қандай кучли бўлади. Суҳбатдан ўзимизга катта шижоат олдик. Келажакдаги ютуқларим, юксак марраларим мана шу учрашув билан боғлиқ бўлади, десам муболаға қилмаган бўламан. Биз, ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда камарбаста эканлигимизни баралла айтамиз.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон мактаблар, мана шундай кутубхоналар остонасидан бошланади. Зеро, ҳеч ким ташқаридан келиб катта ўзгаришларни амалга оширмайди. Ҳаммасига қўлида китоб тутган, замон билан ҳамнафас ёшлар билан эришилади.

Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА