Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эртаклар дунёси
14:46 / 2021-06-08

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида график рассом Ҳусан Содиқовнинг “Эртаклар дунёси” номли иллюстрациялар кўргазмаси очилди.

Унда рассомнинг 70 га яқин турли миллат халқларининг эртакларига ишланган иллюстрациялари намойиш қилинмоқда.  

График рассом ва таниқли карикатурачи Ҳусан Содиқов 1960 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ижодкор 4 ёшидан бошлаб отларнинг расмини чиза бошлаган. Ота-онаси унинг рассомликка бўлган қизиқишини сезгач, ёш рассомнинг иқтидорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишди.

Ҳ. Содиқов болалик пайтларидаёқ мактабда намойиш қилинадиган ҳар хил танлов ва кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келарди. 6-синфда ўқиб юрган чоғларида “Ғунча” ва “Гулхан” журналларида у чизган расмлар чоп этила бошлади. Ҳаттоки, у чизган расмлар “Муштум” ҳажвий журналида ҳам босилди.  

Ҳусан Содиқов 1981-1986 йилларда Островский номидаги Тошкент давлат театр ва рассомлик институтининг Саноат графикаси факультетида таҳсил олган. 1993 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.  

Таниқли рассом узоқ йиллардан буён “Муштум” ҳажвий журнали бош рассоми лавозимида ишлаб келмоқда.

Рассомнинг ижодий ишлари нафақат мамлакатимизда, шунингдек, Корея, Португалия, Кипр, Туркия, АҚШ, Хитой, Испания, Гонгконг, Япония ва Россия каби давлатларда шахсий коллекцияларда сақланиб келмоқда.

Ижодкорнинг сатирик образларида латифа ва ҳангомаларда яшаб келаётган ўзбек, турк, эрон, озарбайжон, қозоқ халқларининг қаҳрамонлари, жумладан, Насриддин афанди ва Алдар кўса кабилар ўз ифодасини топган. 

Рангли қалам ва акварелда ишланган бу ишларни нафақат болажонлар, балки катталар ҳам қизиқиш билан томоша қилиши мумкин.

 

 

Гулноза Бобоева, ЎзА