Хабарингиз бор, эртага, 18 ноябрь куни Қатарда давом этаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичи старт олади.
Чемпионатнинг ушбу босқичида Исломбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Италия билан рақобатлашади. Мазкур ўйин мамлакатимиз вақти билан соат 17:30 да бошланади.

Шунингдек, бу учрашув билан биргаликда Уганда — Буркина-Фасо термалари ўртасидаги ўйин ҳам старт олади. Қайд этиш лозимки, агар футболчиларимиз чорак финалга йўл олса, айнан шу жуфтлик ғолиби билан 1/4 финалда куч синашади.

Шунингдек, ушбу кунда Мексика — Португалия (18:00), Бразилия — Франция (18:30), Швейцария — Ирландия (19:45), КХДР — Япония (20:15), Марокаш — Мали (20:45) ва Австрия — Англия (20:45) терма жамоалари ўртасидаги ўйинларга ҳам гувоҳ бўламиз.
Нимчорак финал босқичидан ўрин олган Бразилия ҳамда Франция терма жамоалари иштирокидаги ўйин ҳам ўзбек футбол ихлосмандлари учун қизиқарли ўтиши шубҳасиз. Сабаби учрашувни ҳамюртимиз Рустам Лутфуллин бош ҳакам сифатида ўтказади. Унда қанотларда Санжар Шоюсупов ва Акмал Ғиёсов ёрдам беради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА