Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эртага ҳам кун бор...
17:39 / 2021-06-01

"Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор", деб бекорга айтишмаган. Пандемия инсоният юзига тутилган ойна бўлди. Хусусан, анъанавий иқтисодий тармоқларнинг вақтинча тўхташи, дунё мамлакатларининг «сарагини саракка, пучагини пучакка» чиқариб қўйди.

Бунинг оғир юки доимгидек аҳоли гарданига тушиб, турмуш даражасининг кескин пасайишига сабаб бўлди. Очарчилик ва тўйиб овқат емаслик, харид қобилиятининг заифлашиши, ижтимоий муаммоларнинг ортиши ва барқарорликка путур етишига олиб келди бу давр.

 Ушбу омиллар ХХ аср охирларидан бошлаб тилларда «айланиб қолган» «Яшил иқтисодиёт» тушунчасининг амалий аҳамияти нақадар юқори эканини яққол кўрсатди.

 ДУНЁНИ БИРЛАШТИРГАН МУАММО

Маълумки, Сеул шаҳрида «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик-2030» иккинчи халқаро саммити видео-анжуман шаклида ўтказилди.

Икки кунлик форумда иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, «яшил» тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар таҳлилларига кўра, кўп ресурс талаб этувчи эски анъанавий иқтисод харажатлар ҳажмини ошириш ва ишлаб чиқариш ҳажми пасайиш тенденциясини бошидан кечирмоқда. Энг асосийси, табиатга чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдорини камайтирмасдан туриб, «яшил иқтисодиёт» мақсадларига эришиш мумкин эмас. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш эса, экологик рискларни камайтиради.

2012 йил 20-22 июнь кунлари Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида барқарор ривожланишга бағишлаб ўтказилган конференцияда иштирок этган давлатлар «Яшил» иқтисод концепциясини яратиш бўйича бир тўхтамга келишган эди.Мазкур Концепцияни ҳаётга татбиқ этиш аҳоли саломатлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга олиб келиши эътироф этилган. Бу борада кўзда тутилган мажбуриятнинг бажарилиши эса, дунёни 20 йилдан кейин қандай кўриш истагини реалликка айлантиради.

Жанубий Корея пойтахтида бўлиб ўтган навбатдаги Форум ҳам халқаро миқёсда ўзаро «соатларни тўғрилаб олиш» имконини берди.

Тадбирда дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши Раиси Шарл Мишел ва Европа Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляен, Германия Канцлери Ангела Меркел, Франция Президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кесян, АҚШ Президентининг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Яшил ўсиш глобал институти раиси Пан Ги Мун ва ИҲТТ бош котиби Анхел Гуррия қатнашди.

Эътиборлиси, 2021 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан, мазкур халқаро саммитда иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида «яшил» тикланиш соҳасида юртимизда кўрилаётган чораларнинг муҳим йўналишлари билан иштирокчиларини таништирди. Ўз навбатида, бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Бир сўз билан айтганда, пандемиядан сўнг жаҳон ҳамжамияти яшил иқтисодиётнинг амалий аҳамиятини яна бир бор англаб етди. Таъбир жоиз бўлса, унга эҳтиёж нақадар кучли эканини «танасидан ўтказди». Бу эса, ушбу мақсад йўлида глобал миқёсида якдилликни юзага келтирди.

Ўзбекистон эса, умумбашарий жараёнинг фаол аъзоси бўлишга интилмоқда. Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президентининг иштироки ва нутқ сўзлаши бунинг яна бир исботидир.

ИШТИРОК ВА ЯКДИЛЛИК ФАҚАТ СЎЗДА ЭМАС...

Кўпчилик мутахассислар ҳисоблашича, экотизим, иқтисодиёт, аҳоли фаровонлиги ва бу билан боғлиқ капиталлар ўзаро уйғун тушунчалардир. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Атроф-муҳит дастури (UNEP) «яшил» иқтисодни аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва ижтимоий тенгликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни сезиларли равишда камайтириш воситаси сифатида эътироф этади.

Ўзбекистоннинг ташаббуси асосида Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида БМТнинг махсус резолюцияси қабул қилиниши нафақат минтақа, балки глобал миқёсида ушбу муаммо яна бир бор эътироф этилганини англатади. Шу билан бирга, Ўзбекистон «яшил» иқтисод масаласида фақатгина қўллаб-қувватловчи ёки формал иштирокчи эмас, балки аниқ амалий натижалар билан фаол иштирокчи бўлишни ўз олдига мақсад қилган.

Ўз навбатида, Оролқум ҳудудида экологик инновациялар ва технологияларни ривожлантириш юқорида айтилгани каби, энг аввало минтақа аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, қум бўронларининг салбий таъсири ҳамда глобал исишнинг олдини олишга қаратилган интилишларнинг ижобий натижасига ҳисса қўшишга олиб келади.

Аҳамиятлиси, ушбу минтақага нисбатан оптимистик қарашлар шаклланиши, мавжуд муаммоларга зарур эътибор қаратиш орқали уларни амалда бартараф қилиш имконини беради. Хусусан, минтақани инвестицион жозибадор ҳудудлардан бирига айлантиради.

Ўз вақтида ҳажми бўйича дунё кўллари орасида 4-ўринда эътироф этилган йирик сув ҳавзаси бугун 5 млн. гектарлик қум оролга айланди. Бинобарин, 1913 йилда Орол денгизи суви билан суғориладиган ер майдони 3,2 млн. гектар бўлган бўлса, 1985 йилга келиб, бу кўрсаткич 6,9 млн. гектарга етди. Турли эҳтиёжлар учун Орол денгизидан сарфланадиган сув 1960 йилларда 63 км3, 1980 йилда эса 95,0 км3 кубни ташкил этди.

Ўтган аср ўрталарида Орол денгизининг сув ҳажми 1080 км3ни ташкил этган бўлса, ҳозир бу сув ҳавзаси учта кичик қисмга ─ Ғарбий денгиз (43,6 км3), Шимолий денгиз (25,1 км3), Катта денгиз (0,7 км3) ажралиб қолган.

Яна бир муҳим жиҳат, 80 йилларда Мўйноқ тумани аҳолиси 130 минг кишидан ортиқни ташкил қилиб, бу ерда 30 дан ортиқ миллат вакиллари яшар эди. 2020 йилда эса, аҳоли сони 30 мингдан ошиши маълум қилинди.

Асосий тирикчилик манбаи – денгиз чекиниши натижасида кун кечириш қийинлашиб, кўпчилик ушбу ҳудудни ташлаб кетган. Бугунги кунда эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси билан ҳудудга эътибор тамомила янги босқичга чиқди. Туман инфратузилмаси тубдан янгиланди. Иш ўринлари яратиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий-гуманитар йўналишларни ўзида қамраб олган комплекс ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  

Энг эътиборлиси, 2018 йилдан бошлаб орол денгизи ҳудудида яшил белбоғ ташкил этишга киришилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳақли равишда аср ташаббусига қиёсланди. Зотан биргина саксовул дарахти 10 дан 100 тоннагача бўлган тузни ўзида ушлаб туради. Бу эса, катта миқёсда туз кўчиши, туз бўронларининг олдини олишда дарҳақиқат, мислсиз ташаббусдир.

Бугунги кунда мазкур ҳудудда чорвачилик, йилқичилик, қамишни қайта ишлаш, экотуризм, қуёш ва шамол энергияси ишлаб чиқариш каби йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд.  

Бу эса Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилишга доир Ўзбекистон ташаббусининг нечоғлик аҳамиятли эканини яна бир бор исботловчи муҳим омиллардир.

Шу билан бирга, «яшил» иқтисодиётга доир халқаро ҳаракатларда Ўзбекистон фақатгина сўзда эмас, амалда ўзининг бой тажрибаси билан иштирок этаётганидан далолат беради. Инсоният олдида турган глобал иқлим ўзгариши ва «яшил» иқтисодиёт билан боғлиқ мақсадларга юқори минбарлардан туриб, баландпарвоз чақириқлар билан эмас, аниқ, мақсадли ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш билан эришиш мумкинлиги ҳам Ўзбекистон ташаббусларининг асосидир.

ТАШАББУСДДАН ТАШАББУС ЯРАЛАДИ

Сеул саммитидаги нутқида Ўзбекистон Президенти «яшил» тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Хусусан, «яшил технологиялар»ни кенг жорий этиш ҳисобидан Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш йўналишида. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида тузилган махсус Траст фонди ҳамда P4G платформаси доирасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйишни кўзламоқда.

Яна бир муҳим йўналиш «яшил энергетика»ни ривожлантириш орқали углерод ёқилғисига боғлиқликдан қутулишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Бунинг учун қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.  

Ўзбекистон яқин ўн йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ҳозиргидан уч баробар кўпайтиришни мақсад қилган. Қолаверса, минтақада мавжуд гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳиятдан оқилона фойдаланиш, бунинг учун қўшни давлатлар билан яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга устуворлик берилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, давлат раҳбари ўз чиқишида 2022 йил Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Шубҳасиз, мазкур конференция «яшил» энергетика соҳасига доир қимматли илмий ишланма ва хулосаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда муҳим амалий қадам бўлади.

Сир эмаски, давлат раҳбари халқаро минбарларда туриб қайси мавзуда фикр билдирса, бу соҳага ёшларни фаол жалб қилишга ундайди. Бу эса нафақат ёшларни қўллаб-қувватлаш, балки муайян масаланинг истиқболдаги ечимида ёшларнинг ўрни муҳимлигига ҳам нозик ишорадир. Бу сафар ҳам Шавкат Мирзиёев «яшил иқтисодиёт»ни барпо этишда ёшларни фаол жалб этиш бўйича Махсус дастурни амалга оширишга киришишни таклиф этди.  

Ушбу ташаббус, шубҳасиз, келажакда «яшил», яъни экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш маданиятини шакллантириш, ёшларнинг табиатга муносабатини тўғри ривожлантириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ташаббуси ўзининг ҳаётийлиги ва амалий аҳамияти билан Глобал миқёсдаги йирик мақсадларга етишда муҳим аҳамиятга эга ва бу ҳақли равишда халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.

Аждодларимиз сарф қилиш борасида тежамкор ва ҳар нарсани қадрига етадиган бўлишган. Ёши улуғларимиздан тез-тез «эртага ҳам кун бор», деган гапни эшитишимиз ҳам бежиз эмас. Ўзбекистон ташаббуси халқимизнинг асрий урф-одатларини ҳам ўзида мужассам этиши алоҳида эътиборга молик.

 

Зулайҳо Акромова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати