Президентимизнинг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича республика миқёсида тизимли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, рўйхатга олиш жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида ташкилот ва идораларда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини уйғун ҳолда ташкил этиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу йўналишда “Ўзбекгидроэнерго” АЖда ҳам соҳавий семинар ташкил этилди.

Тадбирни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Амирсаидов кириш сўзи билан очиб берди ва семинарнинг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтди. У аҳолини рўйхатга олишни қишлоқ хўжалиги билан уйғун ҳолда амалга оширишнинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, бундай ёндашув харажатларни қисқартириш, вақтни тежаш ва маълумотлар сифати ҳамда тўлиғлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Тадбирда аҳолини рўйхатга олиш мамлакатнинг демографик, иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини акс эттирувчи маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона ҳамда яхлит жараёни экани таъкидланди.

Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони асосида мазкур тадбир 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олиш аҳоли тўғрисидаги ишончли маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланишни прогноз қилиш учун зарур бўлган муҳим кўрсаткичларни аниқлаш имконини беради.
Рўйхатга олиш жараёнлари оддий, очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Жумладан, саволлар сони дастлаб режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилиб, сўров жараёнининг самарадорлиги таъминланди. Рўйхатга олиш натижасида 38 миллион аҳолига оид ёш таркиби, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ҳамда даромад манбалари бўйича ягона ва яхлит маълумотлар базаси шакллантирилади.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида ердан фойдаланиш ҳолати, чорвачилик ва паррандачиликка оид асосий кўрсаткичлар ҳам аниқланиши белгиланди.
Маълум қилинишича, аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда, яъни 15 – 31 январь кунлари аҳолига интернет орқали маълумотларни мустақил равишда киритиш имконияти яратилади. Бунинг учун фуқаролар census.stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдамида рўйхатдан ўтиб, ўзи ва оила аъзолари ҳақидаги саволномани тўлдириши мумкин бўлади.

Кейинги бир ой давомида эса “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида уйма-уй юриш орқали аҳолидан маълумотлар йиғилади.

Шунингдек, мутахассислар томонидан 2026 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ўтказишда интернет орқали саволнома шаклларини тўлдириш бўйича ишлаб чиқилган йўриқнома асосида онлайн рўйхатдан ўтишнинг ҳар бир босқичи ҳамда шакллари юзасидан батафсил тушунтириш берилди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА