Эртага, 1 декабрдан Тошкент шаҳрида янги – 190-сонли "Машинасозлар метроси АШБ – Янгибозор АШБ" автобус йўналиши ташкил этилади.
Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, “Машинасозлар” метро бекатидан Юқори Чирчиқ тумани Янгибозор шаҳарчасигача бўлган автобус қатнови масофаси 20,1 километрни ташкил этади. Ушбу йўналишга янги харид қилинган ўрта сиғимли 10 та транспорт воситаси бириктирилган ҳолда 11 дақиқалик оралиқ интервал билан ҳаракатланади.
Автобуслар “Машинасозлар” метроси автошоҳбекатидан Тараққиёт 2-тор, Маҳтумқули, 4Р12, Мустақиллик кўчалари орқали Юқори Чирчиқ туманининг Янгибозор шаҳарчаси марказидаги автошоҳбекатга қадар ҳаракатланади.
Ушбу йўналиш Янгибозор шаҳарчасини Тошкент шаҳри билан боғлаш, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига Тошкент вилоятидан қўшилган ҳудудларни жамоат транспорти билан таъминлаш, янги барпо этилган Янги Ўзбекистон боғига шаҳар ва шаҳар атрофи аҳолисининг ташриф буюришига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА