Хотин-қизлар – келажагимиз бунёдкорлари бўлган фарзандларни дунёга келтирувчилар ва уларнинг тарбиячилари бўлиш билан бирга, давлат ва жамият бошқарувида ўзларининг бой билими, тажрибаси ва куч-ғайратини сафарбар этишга қодир улкан салоҳиятга эга жамиятимизнинг фаол аъзолари ҳисобланади.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнларида бевосита иштирокини таъминлаш, уларда дахлдорлик ҳиссини кучайтириш – бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Дастурида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш масаласи давлат дастурларида устувор йўналиш сифатида эътиборга олиниши, бу борадаги мақсад ва режалар, умуминсоний қадрият ҳисобланган хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги ғояси ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши билан бирга, хотин-қизларнинг оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги белгиланган.

Шу қаторда, партиянинг 2025 йилга мўлжалланган Иш режасида эрта никоҳ, вояга етмаган қизларни унаштириш каби салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган “Эрта турмуш – қадрият эмас!” акциясини ўтказиш ва Олий таълим муассасаларида турмушга чиққан талабалар ва талаба оналар учун қулай шароитлар яратилиши юзасидан назорат-таҳлил тартибида ўрганишлар олиб бориш вазифаси белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Сиёсатчи аёллар клуби” иштирокида, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда “Эрта никоҳ, вояга етмаган қизларни унаштириш каби салбий иллатларнинг олдини олиш” юзасидан жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш, олий таълим муассасаларида талаба оналар учун яратилган шарт-шароитларни махсус саволнома асосида ўрганиш режалаштирилган.
Нукус шаҳрида партия режасида белгиланган мазкур вазифалар ижроси бўйича ўтказилган мажлисда шулар ҳақида сўз юритилди.

Унда ЎзМТДПдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, тегишли вазирлик ва ташкилотлардан масъуллар, маҳалла ходимлари, партия вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда талаба оналарнинг ўқув жараёнларига тўсиқларсиз қатнашишларига кўмаклашиш, олий таълим муассасаларида талаба оналар учун инфратузилмалар яратиш, жумладан, боғчалар, оналар учун махсус хоналар ташкил этиш чораларини кўриш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, тадбирда талабалар ўртасида оилавий қадриятларга бўлган муносабатларни янада кучайтириш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш, ота-оналар ўртасида қизларини таълим олиш ёшида турмушга бермасликни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.