Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан ҳамкорликда “Касалликни эрта аниқлаш — ҳаётни сақлаш” мавзуида акция бўлиб ўтди.
Тадбир соғлиқни сақлаш соҳасида хабардорликни ошириш, аёлларнинг репродуктив саломатлиги масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ташкил этилди.

Касалликни эрта аниқлаш бу нафақат соғлиқни, балки ҳаётни сақлаб қолиш имкони. Мунтазам текширувлар ва эмлаш аёлларни ҳимоя қилувчи энг муҳим қадамлардир.

–Бугунги мавзу ҳар бир аёл, айниқса ёш қизлар учун жуда муҳим, –деди олий тоифали акушер-гинеколог, ЮНФПА эксперти Муҳаббат Аҳмедова. – Чунки соғлом авлод соғлом жамиятнинг пойдеворидир. Тадбир давомида иштирокчиларга касалликлар профилактикаси, эрта ташхис қўйишнинг афзалликлари ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш борасида муҳим маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар бевосита саволлар бериш, шахсий маслаҳат олиш имкониятига эга бўлишди. Тадбир якунида ахборот материаллари тарқатилди ҳамда соғлом ҳаётга оид тарғибот ишлари олиб борилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА