Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ерқўрғон” бозорида қачон тартиб ўрнатилади?
16:17 / 2023-09-21

Юртнинг ободлиги, халқ фаровонлиги бозорларимиздаги тўкин-сочинликда яққол кўринади. Бугун бозорларимизга борсангиз, ноз-неъматлар, маҳсулотларнинг кўплиги, хилма-хиллигидан кўзингиз қувонади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги харидорнинг таъби нозик, диди баланд. Шунга монанд сотувчи ҳам маҳсулотининг сифатига, бозор маъмурияти бозорнинг тозалигига эътибор қаратиши лозим.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри чеккасида жойлашган “Ерқўрғон” (озиқ-овқат) деҳқон бозори ҳақида бундай деб бўлмайди. У ерда на сотувчи, на харидор учун етарлича қулайликни кўрмайсиз.

Ушбу бозор вилоятдаги энг катта бозор ҳисобланиб, кунига минглаб сотувчи маҳсулотини улгуржи ва чакана нархларда сотади. Шунга монанд  минглаб харидор бозор-учар қилиш учун келиб- кетади.

Сотувчиларнинг таъкидлашича, “паттачи”лар жуда фаол. Ҳатто бир қути помидор ёки бодринг олиб келган деҳқонни ҳам назардан четда қолдиришмайди. Албатта, патта пулини олади. Бундан ташқари чиқинди учун ҳам алоҳида тўлов қиласиз. Аммо бозордаги антисанитария ҳолати  дилни хуфтон қилади. Ҳозирку қуруқчилик, ёғин-сочин вақтларида эса бозордаги аҳволни таърифлашга тил бормайди.

Албатта, иссиқ қуёш тафтидан обдан тўйиниб пишган, табиий витаминларга бой бу маҳсулотларнинг мазасию фойдали хусусиятларига ортиқча тариф ва тавсиф шарт эмас. Лекин барибир уларни сотиб олар эканмиз, хаёлимиздан сифати бузилмаган эканми, деган фикр кечади. Ана шундай кезларда “Маҳсулотингиз янгими, сифатлими?”, дея сотувчига юзланамиз. У эса ҳеч қачон сотаётган маҳсулотини ёмон демайди. Шундан сўнг ишониб-ишонмай харид қиламиз, бошқа чора йўқ.

Аслида эса бозордан олган озиқ-овқат маҳсулотларимизнинг сифати тўлиқ кафолатланган бўлиши керак. Буни таъминлаш вазифаси Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига юклатилган.

Марказ бевосита деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза (ВСЭ) лабораториялари орқали бозорда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган нормаларга мувофиқлигини текшириши ва ижобий хулосага эга бўлган товарларнинггина сотилишига рухсат беради.

Масалан, вилоятдаги мавжуд 18 та марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозорларининг барчасида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари фаолият юритмоқда.

– Ушбу лабораторияларимизнинг ҳар бирига 4 нафардан мутахассис бириктирилган, – дейди вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директорининг ўринбосари Жамшид Бозоров. – Лаборатория ўз фаолиятини савдо нуқталари (бозорлар маъмурияти), мулк   эгалари, сотувчилар ва бошқа шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.

Жамшид Бозоровнинг қўшимча қилишича, лаборатория ходимлари бозорга кириб келаётган гўшт, сут, гуруч, мева-сабзавот ва шу каби озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар биридан намуна олиб, унинг сифатини лаборатория шароитида, белгиланган талаблар асосида текширади. Агар маҳсулотнинг сифатига ҳеч қандай эътироз бўлмаса, шундан сўнг сотувчига тегишли хулоса ёрлиғи (талон) беради. Лаборатория текширувидан ўтмаган озиқ-овқат маҳсулотларининг эса бозорда сотилишига йўл қўйилмайди.

Демак, бозордан биз харид қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ кафолатланган экан-да, дерсиз. Йўқ, хулоса қилишга шошилманг.

Биз вилоятдаги энг йирик бозор ҳисобланмиш “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозоридаги ҳолатни кузатдик.

Умумий майдони 8 гектардан ошиқни ташкил этадиган ушбу бозорда 260 та савдо дўкони, 650 га яқин савдо растаси мавжуд. Бундан ташқари, ҳудуддаги юзлаб деҳқонлар, тадбиркорлар ўзлари етиштирган маҳсулотни бозорга олиб келиб, растадан ташқарига, очиқ майдонларга қўйиб сотишмоқда. Бир сўз билан айтганда, бозорнинг 6 та дарвозаси орқали эрта тонгдан бу ерга озиқ-овқат маҳсулотлари оқиб келади, гўё.  Бозордаги ВСЭ лабораториясининг 4 нафар ходими эса шунча маҳсулотнинг ҳар биридан намуна олиб,  лаборатория шароитида текшириб, сифатига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина уларнинг сотилишига рухсат беришига имкони етадими?! Бунга киши ишониши қийин. Боз устига улар “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори билан ёнма-ён жойлашган “Севинч” савдо мажмуасига ҳам хизмат кўрсатар экан.

Биз кун ярмига қадар бозорда юриб, сотувчилардан маҳсулотига ВСЭ лабораториясидан хулоса берилган ёки берилмагани ҳақида сўрадик. Уларнинг бир қисми “талон” олмаганини айтган бўлса, яна бир қисми “талон” берилгани, лекин уни ташлаб юборганини билдирди. Фақат саноқли сотувчилар ВСЭ лабораторияси томонидан берилган хулоса ёрлиғини кўрсата олишди. Аммо уларнинг қўлидаги “талон” ҳам бир кун олдинги сана билан берилган эди. Шундан сўнг бозордаги ВСЭ лабораториясига йўл олдик.

–  Биз бозорга кириб келган ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини лабораторияда текшириб, шундан сўнг уни сотишга рухсат берамиз, – дейди лаборатория ветеринария врачи Хуршид Жалолов. – Озиқ-овқат маҳсулотларига бир марта берган хулосамиз 48 соатгача амал қилади. Демак, кеча текширувдан ўтган маҳсулотни бугун ҳам сотиш мумкин. 48 соатдан сўнг яна текшириб, бошқа хулоса берамиз. Агар бозорга янги маҳсулот келса, “чекчи”лар бизга хабар беришади, бориб текшириб, истеъмолга яроқли ёки яроқли эмаслигига хулоса берамиз.

[gallery-13659]

Шундай ҳам дейлик. Энди тасаввур қилинг, бозордаги чакана савдо қилувчи юзлаб деҳқон ва тадбиркорларнинг аксарияти олиб келган маҳсулотини кун ярмига қадар сотиб, уйга қайтишмоқда. Эртага эса яна янги маҳсулот олиб келади. Бу ҳолатда уларга кеча берилган “талон” бугун ҳам қандай амал қилиши мумкинлигига мутасаддилардан бирор бир жўяли жавоб ололмадик.

Эътиборимизни тортган яна бир ҳолат эса, аксарият сотувчилар маҳсулотини растада эмас, ерга қўйиб сотишмоқда. Турли идишларда, оёқ остида, чанг-тўзонда сотилаётган бу маҳсулотларнинг санитария-гигиена талабларига қанчалик жавоб бериши ўйлантириб қўяди кишини.

Кузатганларимиз озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини қатъий  таъминлаш учун аниқ тизим йўлга қўйилган, тегишли масъуллар бириктирилган, худди шу фаолият учун давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ сарфланаётгани  марказий деҳқон бозорларидаги гап.

Бозор ташқарисида, кўча бозорларида, кунлик бозорларда сотилаётган мева-чева, сут-қатиқ каби маҳсулотларнинг сифатини текшириб, шундан сўнггина уларнинг сотувига рухсат берадиган тизим эса ҳали йўқ. Шундай экан, марказий деҳқон бозорларидаги ВСЭ лабораторияларининг фаолияти озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш йўлида номигагина йўлга қўйилган тизимдек тасаввур уйғотади кишида.

Ўлмас Баротов, ЎзА