Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“ERP-sport” тизими шаффофликни таъминлашга хизмат қилади
11:34 / 2024-02-29

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини рақамлаштириш орқали тизимда очиқлик ва шаффофлик кўрсаткичларининг юқорилигини таъминлашга эришиш давр талаби.

Мамлакатимизда ўтган икки йил давомида жисмоний тарбия ва спорт тизимининг 24 та йўналишида рақамлаштириш ишлари бошланиб, бугунгача 22 та ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги, улардан 18 таси амалиётга жорий этиб келинаётганлиги эътиборли ҳалатдир.  

Айтиш лозим, спорт соҳасида мазкур ахборот тизимларини тўлақонли ишлатиш, маълумотларни ўз вақтида киритиб бориш мақсадида спорт таълим муассасаларига ўтган давр мобайнида 377 та компьютер жамланмаси марказлашган тарзда етказиб берилгани ҳамда рақамлаштириш йўналишидаги ишларни амалга ошириш учун зарур маблағлар йўналтирилгани маълум бир ютуқларга эришишга замин яратди.  

Биргина ўтган йили спорт таълим муассасаларига иқтидорли спортчи ёшларни қабул қилишда “ERP-sport” ягона электрон бошқарув тизими жорий этилиши коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлганлигини таъкидламоқ лозим.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигида “ERP-sport” ягона электрон бошқарув тизимида амалга оширилаётган ишлар, 2024 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасидаги лойиҳалар бўйича ўтказилган тақдимотда шу ҳақда сўз борди.

Спорт вазири А. Икромов “ERP-sport” ягона электрон бошқарув тизими натижасида 2023 йилда бажарилган ишлар ҳолати хусусида сўз юритиб, давлатимиз томонидан яратилган имкониятга қарамасдан, жойларда ушбу ахборот тизимларини амалиётга жорий этиш, маълумотларни тизимга киритиш борасидаги сусткашликлар, совуққонликлар сабабли ўнлаб иқтидорли ёшлар белгиланган тартибда аниқланмаганлиги таассуфли ҳол бўлганлигини таъкидлади.

Ушбу вазифалар ижросини 2024 йилда бажарилиш ҳолати хусусида сўз юритилиб, “ERP-sport” ягона электрон бошқарув тизими билан барча спорт таълим муассасаларини, спорт ташкилотларини қамраб олиш муҳимлиги, бу, иқтидорли спортчилар рўйхатини рақамлаштириш, мураббийларнинг моддий ва маънавий қўллов олишига замин бўлиши билдирилди.  

Тақдимот якунида 2024 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида спорт соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар кўриб чиқилди. Ҳар бир ҳудудда спорт инфратузилмасини янада яхшилаш, спорт объектларининг ҳолатини халқаро талаблар андозасига келтириш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Т. Рўзиев, ЎзА