Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"ERP" электрон тизими коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади
09:47 / 2025-12-16

Спорт вазирлигида "Аксилкоррупция ойлиги" доирасида "Очиқ эшиклар куни" ташкил этилди.

Мамлакатимизда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, жамият тараққиётига тўғоноқ бўладиган ушбу иллатга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири саналади.

Коррупцияга қарши курашишга қаратилган 70 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Тадбирда спорт соҳасида ушбу иллатга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида сўз борди.

Айтиш лозим, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат хизматчиларининг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш борасида Спорт вазирлиги тизимида фаолият юритиб келаётган 469 нафар давлат хизматчилари “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси”да малакаси оширилди. Бу, тизимда шаффофликни таъминлаш, адолат мезонлари бирламчи эканига эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

"Очиқ эшиклар куни" тадбирида спорт соҳаси мутахассислари 230 дан ортиқ коррупцияга оид ўқув семинарлари ва 140 дан ортиқ профилактик суҳбатлар билан қамраб олингани қайд этилди.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви бўйича доимий мониторинг ва ҳуқуқий тарғиботлар амалга ошириб келинаётгани ва ҳозирги кунга қадар аниқланган 3 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви бартараф этилгани айтиб ўтилди.

Бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши ҳамда коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Спорт вазирлигида махсус марказ ташкил қилиниши туфайли 9,3 млрд. сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатлар бартараф этилди.

Спорт тизимидаги вазифа функцияларини рақамлаштириш ва очиқликни таъминлаш мақсадида 24 та ахборот “занжир”ларини бирлаштирган "ERP" электрон тизими йўлга қўйилгани эса коррупцияга йўл очадиган ҳаракатларнинг олдини олишда зарур бўладиган омилларга замин яратгани билан аҳамиятли бўлди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА