Кейинги йилларда автомобиль йўлларида транспорт воситалари сони кескин ошиб бораётгани, кузатилаётган тирбандликлар, ҳайдовчи ва пиёдалар дуч келаётган муаммолар соҳа масъуллари зиммасига муайян вазифаларни қўймоқда.
Аввало, хавфсиз ва равон йўл қуриш, талабга мос йўл ўтказмаларини барпо қилиш, йўлларда қайд этилаётган бахтсиз ҳодисалар сонини кескин камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бухоро вилоятида гавжум ва тирбанд кўчаларда ерости пиёдалар ўтиш йўллари қурилмоқда.
Жумладан, жорий йилда Бухоро шаҳрининг Ғиждувон шоҳ кўчасида, “Карвон” буюм бозори олдида, худди шундай, “М-37” автомагистралининг Бухоро шаҳри атрофидаги Работак аҳоли пунктида замонавий, қулай ва асосийси, хавфсиз ерости пиёдалар ўтиш йўллари барпо этилди. Галаосиё шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори” олдида ҳам худди шундай хавфсиз йўл иншооти қурилмоқда. Мазкур иншоотларнинг ҳар бири учун давлат бюджети ҳисобидан 5-6 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланмоқда.
Бухоро вилояти Ромитан тумани йўлсозлар жамоаси томонидан шу кунларда вилоят марказининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали олдида худди шундай ерости йўли барпо қилинмоқда.
Мутахассислар таъбири билан айтганда, “91-Д” русумли автомобиль йўлининг 0,3-километрида қурилаётган бу иншоот узунлиги автомобиль йўли кўндаланг кесими бўйлаб 30 метрга, эни 4,5 метрга ва баландлиги 2,5 метрга тенг. Лойиҳа умумий қиймати 6,3 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу ерда Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасининг 20 дан ортиқ ишчи-мутахассиси ва ўндан ортиқ транспорт ва механизми кучидан унумли фойдаланилмоқда. Иншоот жорий йилда фойдаланишга топширилади.
Шу кеча-кундузда вилоят марказининг Ислом Каримов ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд кўчалари кесишмаси, “Вокзал” чорраҳаси олдида ҳам ерости пиёдалар ўтиш йўлини қуриш ишлари бошланган.
Вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Бухоро шаҳрининг қоқ маркази айнан Бухоро юридик коллежи олдидаги чорраҳа кунига 15 мингтагача транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга. Кейинги ойларда йўлларда автоулов сони кескин кўпайгани ҳисобидан бу кўрсаткич кунига 30 мингтадан ошмоқда. Шу сабаб бу жойда ерости пиёдалар ўтиш йўлига қурилмоқда.
[gallery-13238]
Энг кўп тирбандлик қайд қилинаётган бу манзилдаги лойиҳа амалиётини эса пудратчи томони – Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси ўз зиммасига олган. Узунлиги 40, кенглиги 4 ва баландлиги 2,3 метрга тенг бўлган мазкур туннель лойиҳасининг моддий қиймати 6 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Соҳа мутасаддилари, бевосита масъул идоралар томонидан вилоят марказининг Бухоро давлат университети, Бухоро Муҳандислик технология институти, “Бухоро марказий деҳқон бозори” каби гавжум ва тирбандликлар ошиб бораётган ҳудудларида ҳам ерости ўтиш туннелларини барпо этиш режалаштирилган.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА