Эрон Ислом Республикасининг собиқ етакчиси Маҳмуд Aҳмадинажод мамлакатда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди.
2005-2013 йилларда президент лавозимида ишлаган бу сиёсатчининг номзоди 2017 ва 2021 йилларда Конституцияни қўриқлаш кенгаши томонидан рад этилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 28 июнга белгиланган муддатидан олдинги сайлов Иброҳим Раисий 19 май куни авиаҳалокатда вафот этгач, тайинланди.
Aгар номзоди ўтса, Aҳмадинажод ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бирига айланади. Ҳужжат топширишдан кейин ўтказилган брифингда у қашшоқликка қарши кураш ва аҳоли фаровонлигини ошириш ўзи учун устувор вазифа эканини айтди.
“Мамлакатдаги ҳар қандай муаммони халқнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ва дунё билан конструктив ҳамкорлик натижасида ҳал қилиш мумкинлигига ишонаман”, деди у.
Маҳмуд Aҳмадинажод 1956 йил 28 октябрда Эроннинг шимолий музофоти – Земнанда туғилган. Теҳрон университетини муҳандис мутахассислиги бўйича якунлаган. Дорилфунун таълимидан сўнг маълум муддат Эрон газеталаридан бирида журналист сифатида фаолият олиб борган. 1980-1988 йиллар давом этган Эрон – Ироқ уруши даврида Aҳмадинажод кўнгилли сифатида урушга йўл олади ва Қуролли кучларнинг қатор бўлинмаларида хизмат қилади.
Урушдан кейин олий таълимни давом эттирган Aҳмадинажод 1990 йил Теҳрон университети магистратурасини тамомлайди ва олийгоҳ илмий кенгаши аъзоси этиб сайланади. Шундан кейин техника фанлари доктори унвонини олади. Aйни шу даврда Aҳмадинажод сиёсий саҳнага чиққан.
Дастлаб кичик шаҳар маъмуриятида ишлаган бўлажак етакчига тез орада Эрон шимоли-ғарбида жойлашган Aрдабил вилояти губернаторлиги ишониб топширилади. 2003 йил сиёсий арбоб мамлакат пойтахти Теҳрон ҳокимлигига сайланади.
Г.Сатторова, ЎзА