АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошланганда Ислом Республикасининг ракета салоҳияти “бутунлай йўқ қилинишини” айтган эди. Олти кун давомида Теҳрон минтақадаги нишонларга қарата 2000 дан кўп арзон дрон учириб, рақиб хавфсизлик тизимини босим остида қолдирди. Демак, Эроннинг дрон дастури муносиб баҳоланмагани маълум бўлди.
Бу ҳужумларда асосан “Шаҳид” русумли камикадзе дронлардан фойдаланилмоқда. Ушбу учувчисиз учоқлар нишонга урилиши билан портлайди ва жиддий вайроналик келтириб чиқаради. Шу пайтгача АҚШ ҳарбийлари учун энг ҳалокатли ҳужум сифатида 6 нафар америкалик аскар ҳалок бўлган Кувайтдаги базага қилинган дрон зарбаси тан олинган.

Эрон дронларни асосан АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларига қарши қаратган. Зарбага учраган ҳудудлар орасида Кипр, Исроил, Иордания, Ироқ, Кувайт, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўмон бор. Айрим ҳолларда элчихоналар, энергия инфратузилмаси, аэропорт ва меҳмонхоналар ҳам нишонга олинган. Масалан, Баҳрайн пойтахти Манамада Қўшма Штатларнинг Бешинчи флоти штаби яқинидаги радио-эшитиш мосламаси дрон зарбаси натижасида вайрон бўлгани тасвири тарқалди. Дубайда эса “Пальм Жумайра” сунъий оролидаги меҳмонхонага дрон урилиб, кучли портлашдан сўнг ёнғин чиққан.

Энергетика соҳаси ҳам жиддий зарар кўрди. Саудия Арабистонидаги Рас-Танура нефтни қайта ишлаш мажмуаси дрон парчаси зарби туфайли келиб чиққан ёнғин сабаб вақтинча фаолиятини тўхтатди. Қатарда эса суюлтирилган табиий газ экспорт қиладиган йирик терминал дрон ҳужуми таъсирида ёпилди.
Қизиғи шундаки, бундай қуроллар анча арзон. “Шаҳид-136” дронининг нархи тахминан 20 000-50 000 доллар атрофида, узунлиги тахминан 3,5 метр, қанотлари кенглиги 2,5 метр, бош қисмида 50 килограммгача портловчи модда жойлашади.
Сунъий йўлдош ёрдамида олдиндан дастурланган йўналиш бўйича ҳаракатланадиган,нисбатан паст учадиган мазкур учоқни радар осон аниқлай олмайди. Дрон ердан ракета-тезлатгич ёрдамида учирилади ва 2500 километргача масофани босиб ўта олади.
Мутахассислар фикрича, Эрон дронларни одатда гуруҳ-гуруҳ ҳолда учириб, ҳаво мудофааси тизимини зўриқтиришга ҳаракат қилади.
Қисқаси, АҚШ ва иттифоқчилар бундай арзон дронларни йўқ қилиш учун жуда қиммат ракета ва мудофаа воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Айрим таҳлилчилар бундай стратегия нафақат ҳарбий, балки руҳий босим ўтказишга мақсадини ҳам кўзлашига эътибор қаратган. Яъни, Эрон дрон ҳужуми орқали минтақада хавф ҳиссини кучайтириб, АҚШ тезроқ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга мажбур бўлишини кутяпти.
Дарвоқе, Пентагон ҳам шунга ўхшаш арзон қурилма ишлаб чиққан. “Лукас” номли бу тизим сўнгги кунларда илк бор жангда қўллангани маълум.
Сўнгги маълумотларда қайд этилишича, АҚШ ва Исроил зарбалари туфайли Эроннинг дрон ва ракета ҳужуми кескин камайган. Вашингтон қўшини қўмондони адмирал Брэд Купер биринчи кунга нисбатан ўзи учар мосламалар 83, баллистик ракеталар 90 фоиз камайганига урғу берган. Бинобарин, экспертлар Теҳрон яна қанча вақт босимга бардош бера олиши ҳамон ноаниқлигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА