Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эроннинг АҚШ ва Исроил билан уруши муқаррарми?
23:10 / 2026-01-14

“АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришдан тийилса ҳам, Ислом инқилоби корпусининг ўзи ҳарбий ҳаракат бошлаши эҳтимолдан холи эмас. Айни пайт Ислом Республикаси ҳукумати музокарага ҳам, урушга ҳам тайёр эканини билдирмоқда.”

Шундай жумлалар билан бошланган “Евроньюс” мақоласида Эронда давом этаётган инқироз атрофлича таҳлил қилинган:

– Эрон Ислом Республикаси учун энг жиддий, таҳдид солувчи хавф ҳеч қачон ташқи томондан бўлмаган, доим ички омилдан келиб чиққан. Бундай хатар замирида давлат томонидан йиллар давомида муваффақият билан қўллаб келинаётган “ўзимизники” ва “бегона”ларга ажратиш сиёсати ётади.

Биринчи гуруҳга тизимга содиқ шахслар ва гуруҳлар киради: улар иқтисодий жиҳатдан давлатга боғланган, ўзини ислом ва диний қадриятлар посбони сифатида кўради, жамиятга аксил империал ҳамда аксил демократ мафкурани сингдиришга уринади. Улар мамлакат “пок исломий қадриятлар” асосида бошқарилиши керак, деб ҳисоблайди.

Иккинчи гуруҳ вакиллари ҳам динга, исломга қарши эмас. Улар шунчаки оддий ва эркин ҳаёт кечиришни истайди. Яъни, шахсияти ва инсонийлиги давлатнинг доимий назоратида бўлмаган, ташқи дунё билан эркин мулоқот қила оладиган, шахсий эркинлиги тизимли равишда чекланмайдиган турмушни истайди.

Ислом Республикасида бундай интилиш ва қараш кўпинча “ортиқча дабдаба” сифатида инкор этилади ёки “ғарбий”, шу сабабли ноқонуний, дея тамғаланади.

Ҳозир мамлакат бўйлаб қўзғолон кўтарганларнинг аксари айнан шу иккинчи гуруҳга мансуб, дейиш мумкин. Улар кўп йил давомида қатағонга учраган, бугун эса энг оддий иқтисодий хавфсизликдан ҳам маҳрум бўлган фуқаролар қатламидир. Қарийб ярим аср давомида уларнинг овози инобатга олинмади. Шу боис энди бу қатламни ҳеч нима тўхтата олмаса керак.

Ўтмишда бу гуруҳ вакилларининг кўпчилиги Исроил ёки АҚШ билан тўқнашув чоғи давлатни сукут сақлаган ҳолда қўллаб-қувватлар, бундай вазиятни миллий суверенитетни ҳимоя қилиш, деб биларди. Бугун эса бу позиция деярли йўқолган.

Ватанпарварлик туйғуси ўрнини энди “оч қорин” муаммоси ва “топталган орзулар” армони эгаллади. Юқори лавозимли амалдорлар иштирок этган ёки қарши тура олмаганлар томонидан индамай қабул қилинган кенг кўламли коррупция Эрон иқтисодиётининг асосий белгисига айланди. Ғарб санкцияси, шубҳасиз, иқтисодиётга зарар етказди ва шу билан бирга сурункали бошқарувсизлик ва муваффақиятсизлик учун қулай баҳона бўлиб хизмат қилди.

Исроил ва АҚШ ҳужуми авж олган пайт Эрон раҳбарияти қисқа муддатга форс миллатчилигини исломий айният, яъни исломга асосланган диний ўзлик билан уйғунлаштириб, ўз легитимлигини мустаҳкамлашга уринди. Таранглик юмшаши билан давлат яна одатий сиёсатга, қатағон, қўрқитиш ва мажбурлаш усулига қайтди.

Сир эмас, Исроилнинг “Моссад”и ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳозир Эрон ичида фаол ҳаракат қилмоқда. Улар тартибсизликдан фойдаланиб, ташқи босим билан эришиб бўлмаган мақсад – мамлакатни фалаж қилиш ва охир-оқибат тизимни ағдаришга ички йўл билан эришишга интилмоқда.

Парадокс шундаки, қисқа муддатда Ислом Республикасини ҳозирги оғир аҳволдан вақтинча чиқариши мумкин бўлган ягона йўл АҚШ ёки Исроил томонидан эҳтимолий ҳужумни чеклаб туришдир. Агар ҳужум амалга ошса, бу ҳолат Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига “хоинлар” ва “террорчилар”га қарши кураш шиори остида репрессияни кучайтириш имкони пайдо бўлади. Эҳтимол, бунда жамиятнинг иккиланаётган ёки сиёсий жиҳатдан бетараф қатламлари вақтинча бирлашади.

Маълумки, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бевосита Эрон Олий раҳбари Али Ҳумонаийга бевосита ҳисобдор бўлиб, сиёсий ва иқтисодий таъсири давлат расмий армиясидан кўраа кучли ҳисобланади.

АҚШ Президенти Дональд Трамп очиқчасига огоҳлантириб, Эрон ҳукумати намойишчиларга қарши ўқ узса, Қўшма Штатлар ҳам жавоб қайтаришини айтди ва “ёрдамни кутинг” дея қўшимча қилди. Агар Вашингтон ва Тель-Авив зарба беришдан тийилса, Теҳроннинг ўзи барибир ҳарбий ҳаракат бошлаши эҳтимоли бор. Эрон расмийлари музокарага ҳам, урушга ҳам тайёр экани, ҳатто зарба муқаррар, деб топилса, олдиндан ҳужум қилиши ҳақида очиқ гапира бошлади.

Кенг тарқалган тахминга қарамасдан, олий раҳбар Али Ҳумонаий ўлдирилиши режим қулашига олиб келиши даргумон. Аксинча, бу оммавий қасос ва қон тўкилишига баҳона бўлиши, Эронни Сурия каби парчаланиш йўлига етаклаши мумкин. АҚШ ва Исроил махсус хизматлари нуқтаи назарида Ҳумонаийни четлатиш ёки тизимни заифлаштириб, бошқарувга янги шахсни қўйиш “қарши ўқ”нинг сўнгги устунини йўқ қилиш воситаси сифатида кўриляпти.

Шунингдек, Эрон тўлиқ таслим бўлиши ёки Вашингтон билан музокара осон якунланиши эҳтимоли ҳам кам. Мамлакатга қуруқлик орқали бостириб кириш эҳтимоли жуда паст. Бундай ҳаракат фақат Ҳумонаийни ўлдиришга қаратилган махфий амалиёт доирасида амалга оширилиши мумкин. Ҳаводан зарба берилса, Ормуз бўғози ёпилади ва Эрон ракеталарининг Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ва базаларига ҳужум рўй бериши эҳтимолдан холи эмас. Айнан шундай воқелик Вашингтон олдига қийин танлов қўяди.

Яқин Шарқ марказида жойлашган Эрон минтақадаги таъсир кучини анча йўқотди. Масалан, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” жиддий заифлашган, Сурияда Башар Асад ағдарилган. Балки, шу сабабдан мазкур мамлакат ҳам беқарорликнинг эҳтимолий маркази бўлиб қолаётгандир. Чўзилган ички можаро кенг кўламли ижтимоий парокандаликка олиб келиб, қўшни давлатлар, айниқса Кўрфаз араб давлатларига таъсир қилиши муқаррар. Айни шу хавф АҚШни ҳарбий ҳаракатдан тийиб турувчи асосий омиллардан бири, дейиш мумкин. Трамп ҳозиргача намойишчилар орасида тез-тез тилга олинаётган Ризо Паҳлавийни қўллаб-қувватлаш ёки у билан учрашишдан тийилиб келаётганига сабаб ҳам шудир?! Бу ҳолат Трамп Венесуэлада Хуан Гуайдони қўллаб-қувватлашдан олдин бироз иккиланганини эслатяпти. Айни пайт Вашингтон Эрон ичкарисидаги кучлар нисбати қандай шаклланишини кутяпти.

Ҳукумат ҳали бор кучини ишга солгани йўқ, кўчаларга танклар чиқарилмаган, бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат ёки комендантлик соати эълон қилинмаган.

Оқибатда эндиги намойиш Ислом Республикаси тарихидаги энг қонли воқеаларга айланиши мумкин. Миллий армия тўқнашувга аралашишдан бош тортса ёки полиция ва хавфсизлик кучлари давлат билан алоқани узса, ҳал қилувчи бурилиш юз бериши мумкин. Ҳозирча бундай номувофиқликнинг яққол белгилари кўринганича йўқ.

Сиёсатшунослик тез ўзгараётган вазиятда қатъий фараз беришдан огоҳлантиради. Бу қўзғолон 1979 йилдаги каби инқилобга айланиб, мавжуд тизимни ағдарадими ёки йўқми, айтиш ҳалиям қийин.

Бир нарса аниқ: Трамп тобора қатъий, ҳарбий ҳаракатга мойил бўлиб бормоқда. Унинг шахсий услуби драматик натижани хуш кўришида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан Америка етакчисига Ҳумонаийнинг асир олиниши ёки бутунлай йўқ қилиниши маъқул. Ҳар икки ҳолат – Эронга қарши ҳарбий ҳаракат ёки Ҳумонаий четлатилиши Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига норозиликни бостириш, эркинликни бўғиш, исталган эронликнинг овозини ўчириш учун кенг йўл очади.

Коррупция, тенгсизлик, қатағон ва ҳисоб бермайдиган ҳукмрон элитанинг аксил империал риторикаси билан қўзғатилган эронликлар ғазаби аввалгидек даврий хусусиятга эга эмас. Шундай вазиятда ҳам, ҳатто тизим минглаб инсонлар ҳаёти эвазига намойишни бостиришга муваффақ бўлса ҳам Эрон инқирози ҳал этилмай қолаверади.

Кул остидаги чўғ сўнмайди, жамият эса янада кескин қутблашади.

К.Бекжонов тайёрлади. ЎзА