25 май куни Эроннинг 10 та вилоятини чанг бўрони эгаллаб олди. Кучли шамол ва нобарқарор об-ҳаво туфайли ҳавода чанг ва қум миқдори бир неча баробарга ошиб кетган.
ISNA агентлиги Эрон об-ҳавони прогнозлаштириш ва инқироз вазиятларни бошқариш миллий маркази раҳбари Садег Зияяннинг сўзларига таяниб, шу ҳақда маълум қилмоқда.
“Теҳрон, Алборз, Кум, Лорестон, Керманшох, Хамадон, Маркази, Хузестон, Бушер ва Хормозган вилоятларида ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда, бироқ Теҳрон ва Алборзда ушбу кўрсаткич аста-секин пасаймоқда”, деб ёзади агентлик.
Эрон осмонидаги чанг-тўзонлар асосан Ироқ ва Суриядан учиб келаётгани айтилади хабарда.
Ҳозиргача шифокорларга 5 минг киши ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аҳолига чангли очиқ ҳавода қолмаслик тавсия этилмоқда.
Мамлакат соғлиқни сақлаш ва электроэнергия вазирликлари фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Ўқув юртларида дарслар бекор қилинган, давлат муассасалари, банкларда иш тўхтаб қолган. Бу апрель ойидан буён юз берган саккизинчи чанг бўрони ҳисобланади.
Экспертлар табиий офатнинг бу кўринишига қурғоқчилик ва тупроқ таркибининг бузилишини сабаб қилиб кўрсатмоқда.