Маданий мерос агентлиги делегациясининг Эрон Ислом Республикасига бўлган ташрифи давомида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни реставрация қилиш учун эронлик мутахассис усталарни жалб қилиш бўйича келишувга эришилган эди.
Келишувга асосан, Ўзбекистондаги тарихий ёдгорликларни мукаммал ва самарали таъмирлаш мақсадида бир гуруҳ эронлик мутахассислар Бухоро вилоятидаги маданий мерос объектлари ҳолати билан танишди. Амалга оширилиши керак бўлган ишлар белгилаб олинди.
Теҳрон университетининг Маданият ва санъат институти директори ўринбосари Сиёвуш Собирий, Теҳрон университети профессори Пироуз Ҳаначи ва бошқа эронлик уста-реставраторлар Бухородаги Улуғбек мадрасаси, Карвонсарой мажмуаси, Эшони Имло сардобаси, Мир Саид Камол мадрасаси, Гавкушон мадрасаси, Нўғай карвонсаройи, Исмоил Сомоний мақбарасида ўрганишлар олиб борди.
Хорижлик мутахассислар ҳамда Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси мутасаддилари ва бухоролик уста реставраторлар томонидан тарихий обидаларнинг ҳолати, уларни реставрация қилиш учун амалга ошириладиган асрашга доир ишлар, объектларни таъмирлашга эронлик уста-реставраторларни жалб қилиш бўйича муҳокамалар олиб борилди.
Эронлик мутахассислар томонидан вилоятдаги объектлар яхши сақлангани, уларни асл ҳолатида реставрация қилиш ишларини амалга ошириш имкони мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, жараёнларга эронлик уста-реставраторларнинг жалб қилиниши тарихий бинони мукаммал таъмирлашни таъминлаш билан бир қаторда маҳаллий уста-реставраторлар учун халқаро тажрибаларни ўрганиш имконияти ҳам яратилиши режалаштирилди.
Зариф Комилов, ЎзА