Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эронлик футболчиларимиз суперлигадан қўним изламоқда (+видео)
19:33 / 2026-03-10

Хабарингиз бор, Эронда айни вақтда уруш нафаси кезиб юрибди. Исроил ва АҚШ билан можаро ортидан Эрон ва айнан Теҳрон кучли ҳужумлар остида қолган. Биласиз, Теҳрон клуби саналган "Персеполис" ва "Истиқлол" сафида 4 нафар ҳамюртимиз тўп тепади. Хусусан, "Персеполис" таркибида Остон Ўрунов ва Игор Сергеев ҳаракат қилса, "Истиқлол" шарафини Жалолиддин Машарипов ҳамда Рустам Ашурматов ҳимоя қилади. Шунингдек, Табризнинг "Трактор"" клуби таркибида ҳам яна бир футболчимиз Одил Хамробеков бор. Хўш, уруш бошланди ва улар ҳозир қаерда? Нималар билан банд? Шу ҳақда батафсил.

Уруш бошланганидан сўнг Игор Сергеев ва Остон Ўрунов жамоаси билан биргаликда Теҳронни тарк этган. Маълум бўлишича, футболчиларимиз дастлаб автобусда узоқ йўл юриб, Туркияга борган. Сўнгра Туркия орқали Ўзбекистонга етиб келган.  

Шунингдек, Ҳамробеков ҳам энг биринчилардан бўлиб Тошкентга етиб келган. Рустам Ашурматов дастлаб Дубайга йўл олган ва кейин у ҳам Тошкентга етиб келган. Жалолиддин Машарипов эса анча аввал жароҳат олганди ва уруш бошланмасиданоқ Италияда жароҳатидан тикланиш ишларини олиб бораётганди.  

Билганингиздек, ҳамма футболчиларимиз соғ-саломат. 4 нафари Ўзбекистонда бўлса, 1 нафари хавфсиз ҳудуд саналган Италияда реабилитация жараёнини давом эттиряпти. Бироқ биласиз, терма жамоамизни олдинда Жаҳон чемпионати кутиб турибди. Мазкур Мундиалда юқорида санаган барча футболчиларимиз соғ бўлиб турса, иштирок этиши кутиляпти ва улар термамизнинг асосий футболчилари саналади. Жаҳон чемпионатигача ҳали 3 ой вақт бор ва улар спорт формасини ушлаб туриши керак. Ҳар ҳолда, Эрондаги вазият ҳали сўроқ остида.  

Хўш, бу вазиятда футболчиларимиз қандай йўл тутади?  

ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев Чемпионат Азия нашрига берган интервьюсида шундай деганди:  

"Агар ФИФА худди Россия ва Украинадаги каби футболчиларга Эрон клубини бир томонлама тарк этиш ҳуқуқини берса ва Ўзбекистонга бошқа ассосиация клубидан келадиган футболчини трансфер ойнасидан ташқари олишга рухсат берса, биз ўзимизнинг ўйинчилар учун рўйхатдан ўтишни очишга тайёрмиз. Бизда мавсум эндигина бошланди ва бу нарса ҳеч қандай спорт яхлитлигига таъсир қилмайди. Барчаси Ўзбекистон терма жамоасининг манфаати йўлида бўлади.”

Демак, футболчиларимиз учун энг яхши ва осон йўл Ўзбекистон Суперлигаси клубларига жойлашиш ва клубларимиз сафида тўп тепиб, ўз спорт формасини ушлаб туриш бўлса керак. Бунинг учун албатта Диёр Имомхўжаев таъкидлаганидек, ФИФА рухсати керак бўлади.  

Хусусан, Остон Ўрунов sports.uz. нашрига берган интервьюсида "Андижон"га ўтиши мумкинлигини яшириб ўтирмади:  

“Айни дамда жамоани Самвел Бабаян бошқармоқда. У мураббий қўл остида анча мураккаб вазиятдан чиқиб кетганман. У кучли психолог ва яхши мураббий. "Навбаҳор" сафидаги ўйинларим орқали яна терма жамоага қайтишим ва футболчи сифатида қайта шаклланишимда у инсонни ўрни катта.”

Яъни Остон Ўрунов яна бир бор Самвел Бабаян билан ишлаши мумкинлигини инкор қилмаяпти.  

Айни вақтда Рустам Ашурматов ва Остон Ўрунов Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари назоратида Тошкентда машғулот ўтказишмоқда. Игор Сергеев ва Одил Ҳамробеков спорт формасини ушлаб туриш мақсадида Пахтакор жамоаси машғулотларида қатнашишмоқда. Бундан ташқари, Одил Ҳамробеков ва Игор Сергеев фаолиятини "Пахтакор" сафида давом эттириши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўляпти.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9lXqlraQA5g" title="Termamiz yulduzlari Superligaga joylashyapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Карим Худойқулов, Ойбек Давронов, ЎзА