Эронлик дипломат: Сурия ўз ҳудудларини йўқотмаслиги керак
Эрон ташқи ишлар вазирининг махсус ёрдамчиси Муҳаммад Ризо Рауф Шайбоний Сурияга ташқи аралашувнинг ҳар қандай шаклини қоралаб, ушбу араб давлати халқи мулоқот орқали сиёсий, этник ва маданий бирликка эришиши зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда "Irna news" ёзган.
Юқори мартабали дипломат Сурия олдида турган асосий муаммо мамлакат ҳудудлари хорижий кучлар томонидан босиб олиниши эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, "Суриянинг бир қисми Исроил томонидан ишғол қилинган, қолган ҳудудлари эса АҚШ ва Туркия назоратида".
Шайбоний Сурия ерининг давомли босиб олиниши хавфсизлик, беқарорлик ва этник можароларга олиб келиши ва мамлакатда терроризм қайта тикланишига йўл очиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Асад ҳукумати қулагандан бери Исроил Сурия жануби бўйлаб ҳужумни кучайтирган. Айни жараёнда асосан ҳарбий объектлар нишонга олинаётган юзлаб ҳаво ҳужумлари кузатилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА