Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эронда Темурийлар ҳукмронлиги даврига оид янги китоб чоп этилди
15:42 / 2022-02-24

Мамлакатимизнинг Эрондаги элчихонаси Теҳрон Озод университети қошидаги илмий тадқиқот институти профессори Акбар Рафеъий билан ҳамкорликда “Темурийлар даври сиёсий-ижтимоий тарихи” номли китобни чоп этди. Ушбу асар Эроннинг "Soroush Publications" нашриёти томонидан беш юз нусхада чоп этилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Амир Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги йиллари Туронзаминдан ташқари қатор ўлкаларда, жумладан, Эронда ҳам катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилган. Эрон Озод университети профессори Акбар Рафеъий ўз мамлакатида ҳаётга татбиқ этилган ана шундай салмоқли ислоҳотларни китобда батафсил ёритиб берган. 

Акбар Рафеъий Темурийлар даврининг тарихи бўйича эронлик таниқли  мутахассис, узоқ йиллардан буён бу йўналишни бирламчи манбалар асосида илмий тадқиқотлар олиб бораётган олим саналади. Унинг ушбу асари Турон ва Эроннинг Темурийлар давридаги сиёсий-ижтимоий тарихи бўйича олиб борилган тадқиқот маҳсули сифатида дунё юзини кўрди. Муаллиф мавжуд энг муҳим тарихий манбалар асосида ўз қарашлари ва илмий хулосаларини илгари сурган. 

Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги остида бўлган Турон, Озарбайжон, Форс, Хуросон ҳудудларининг сиёсий-ҳарбий ҳолати, Мирзо Халил Султоннинг Самарқандда тахтга ўтириши ва фаолияти, Шоҳруҳ Мирзо ва унинг ворислари Улуғбек, Абулқосим Бобур, Алоуддавла, Султон Абусаид Баҳодурхон ва Ҳусайн Бойқаронинг фаолияти асарнинг учта бобида ёритилган. 
Муаллиф ушбу китобда Темурийлар ҳукмронлиги давридаги осуда ҳаёт ва оқилона сиёсат илм-фан, маданият ва адабиётнинг ривожланишига сабаб бўлганлигини кўрсатиб берган. 

Муаллиф Акбар Рафеъий ўз асарида келтиришича, Темурийлар замони Ислом олами ва Эрон тарихида санъат ва маданиятнинг юксалиб, гуллаб-яшнаган даврларидан бири бўлган. Амир Темур ва унинг ворислари, хусусан, Шоҳруҳ Мирзо ва Султон Ҳусайн Бойқароларнинг Эрон ҳудудида ҳукмронлиги даврини, шубҳасиз, Маданий Ренессанс (уйғониш) даври, деб аташ мумкин. 
Шунингдек, ушбу асарда темурий султонлар ва амирзодаларнинг эътибори билан шаҳарларда катта ободончилик ишлари олиб борилгани шаҳарларнинг равнақ топишига сабаб бўлгани эътироф этилган. Бундан ташқари,  китобда Темурийларнинг оқилона диний сиёсати мазҳаб масалаларидаги бирдамликка хизмат қилгани, Эронда мўғуллар ҳукмронлиги даврида жиддий талафот кўрган шаҳарлар Темурийлар сулоласи вакиллари —  Шоҳруҳ Мирзо ва Султон Ҳусайн Бойқаро даврида ривож топгани сингари муҳим жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

ЎзА